Португалия Европанинг энг кўзга кўринган, ривожланган давлатларидан бири ҳисобланади. Хўш, у ерда яшашга бормоқчи бўлган одам қаерга мурожаат қилиш керак? Мамлакатда мигрантлар қандай яшайди? Португалияда иш топиш, яшаш ва ўқиш шарт-шароитлари ҳақида Португалияда 18 йилдан бери яшаётган ўзбекистонлик Гулшода Чоршанбаева «Дарё»га ҳикоя қилиб берди.

Гулзода Чоршанбаева Навоий вилоятида туғилган. Ҳозир 45 ёшда. Навоий давлат педагогика институтининг Ўзбек филологияси факультетини тугатган. 18 йилдан буён оиласи билан Коимбра шаҳрида истиқомат қилмоқда.

Фото: «Дарё»

Ҳаётимизни яхшилаш учун Португалияга келганмиз 

Асли Навоийданман. Университетни тамомлаб, Самарқандга турмушга чиққанман. Турмуш ўртоғим билан кўп йиллар шу ерда яшадик. Ҳали ёш эдик. Ишлаб, ҳаётимизни яхшилашимиз, орзу-ниятларни амалга оширишимиз керак эди. Катта орзу ниятлар билан Португалияга кўчиб келишга қарор қилдик. Хуллас, 2001 йилда сайёҳлик визаси билан мамалакатга келганмиз.

Нима учун Португалияни танлашимизга келсак, ўша йиллари Европа давлатлари ичида айнан Португалия иммигрантларни қабул қилиб, легализация бераётган эди. Мамлакат қонунларига кўра агар турустлик виза билан келсангиз ҳам, лекин бу ерда ишга жойлашолсангиз давлатда яшаш ва ишлаш ҳуқуқини қўлга киритасиз. Албатта, ҳамма ҳужжатларингиз тўғри бўлса сизга бу имконият берилади.

Фото: «Дарё»

Биринчи ишимиз тил ўрганиш бўлган

Бу ерга келгач, мусофирчиликнинг кўп қийинчиликларини бошдан кечирдик. Португал тилини билмасдик, табиийки, тил билмасангиз яхши иш топиш қийин бўлади. Бу ерга келиб биринчи қилган ишимиз — тил ўрганиш бўлган. Ҳаммасини нолдан бошлаганмиз. Турмуш ўртоғим келганларидан то магазин очгунимизга қадар корхонада ишлаган.

Ҳамкасблари давлатнинг шарт-шароитларга кўникиб кетгунимизча ҳар томонлама ёрдам берган. Португаллар ҳам вақтида кўп давлатларда мигрант халқ бўлгани учун, бизга ўхшаб четдан келганларни жуда яхши тушунади ва ёрдамлашади.

Фото: «Дарё»

Асли мутахассислигим филолог. Соҳам бўйича ишлаш учун Коимбрадаги университетдан дипломни нострификация қилиш билан қизиққанман. Аммо португал тилидан имтиҳон қилинишим, буни яхши топширган тақдирда ҳам барибир бу ердаги мактабларда ўзбек тилидан дарс йўқлиги учун бошқа жойларда ишладим.

Бошида болаларни ташлаб ўзимиз келганимиз учун уларни жуда соғинардик. Фикр-у хаёлимиз уларда эди.

Корхона раҳбарига турмуш ўртоғимнинг меҳнатсеварлиги маъқул келиб, фарзандларимизни тезроқ бу ерга олиб келишимиз учун элчихонага керакли расмий ҳужжатларни тайёрлашга ёрдам берган.

Ўзбекистонда Португалиянинг элчихонаси йўқлиги учун Москвадаги элчихонадан виза олдик ва 2004 йилда болаларимиз ёнимизга келишган.

Португалия фуқаролигини олганимиз йўқ

Биринчи келган йилларимиз, турмуш ўртоғим корхонадаги ишидан ташқари яна қўшимча иш қиларди. Кечалари 4-5 соат ухлаб, яна ишга кетардик. Чунки бегона юртда тезроқ ўз ўрнимизга эга бўлишимиз керак эди.

Биламан, буни кўп айтишади. Лекин биласизми, инсон астойдил бир нарсани юракдан истаса, шуни Аллоҳдан сўраса ва шунга яраша ҳаракат қилса, албатта ушаларкан. Меҳнатларимиз ҳаракатларимиз ўз мевасини бериб, 2009 йилда ва ниҳоят ўз бизнесимизни йўлга қўйдик. Яъни кийим-кечак, мода аксессуарлари сотиладиган «Динора» номли шахсий дўконимизни очдик, Худога шукр, ҳозир ҳаммаси ўз жойида тушган. Оилавий шу ерда ишлаймиз.

Фото: «Дарё»

Португалия фуқаролигини олганимиз йўқ. Бу ерда 5 йил муддатга бериладиган ишлаб яшаш ҳуқуқини берадиган картамиз (Autorizasáo de residencia) бор. Муддати тугагач, яна беш йилга беришади.

Мамлакатда Ўзбекистон элчихонаси йўқлиги боис, Испаниядаги Ўзбекистон элчихонасидан рўйхатдан ўтганмиз. Бирор бир ҳужжат керак бўлса, уларга мурожаат қиламиз.

Португалия – туризм учун арзон давлат

Португалияда туризм жуда яхши йўлга қўйилган. Шу сабабдан охирги уч йил давомида кетма-кет туристлар учун энг кўп тавсия қилинган давлат сифатида тан олинган. Табиати ҳам жуда гўзал, денгиз плажлари бор. Қисқаси сувни хуш кўрадиганлар учун айни маъқул жой.

Энг яхши томони бу ерда сайёҳларнинг айланиб, дам олиш харажатлари Европанинг бошқа давлатларига қараганда анчагина арзон.

Иқлимига келсак, қаттиқ совуқ бўлмайди. Лекин намлик баланд, ёмғир кўп ёғади.

Одамларнинг турмуш тарзига келсак халқи меҳнатсевар, кўнглиочиқ, хушмуомала, эътиборли халқ. Кийинишда ҳам ортиқча безаклардан холи оддий, қулай кийимларни маъқул кўришади.

Португалияда муҳожирлар жуда кўп. Аммо Ўзбекистондан камроқ. Муҳожирларга бўлган муносабат жуда яхши, камситилмайди. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам мустаҳкам ҳимояланган.

Мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими ҳам, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳам яхши йўлга қўйилган. Инсон ҳуқуқларига катта аҳамият берилади. Давлат ишсизлар яшаши учун ҳар ой пул бериб, иш топишига кўмаклашади.

Фото: «Дарё»

Энг кам маош – 700 евро

Португалия Европанинг ривожланган давлатлари билан таққосласа, ойликлар пастроқ, аммо шунга яраша нарх-наво ҳам унчалик баланд эмас. Маошлар одамларнинг касбига қараб тўланади. Мисол учун, энг кам ойлик иш ҳақи 700 евродан бошланади ва бунга қўшимчасига кунлик овқат пули ҳам қўшилади.

700 эвро — бу ҳафтасига 40 соат ишга тўланадиган бир ойлик ҳақ, агар ишчи бундан ортиқ соатлар ишласа, яна қўшимча ҳақ олади. Ишчилар йилига таътил пули ва Рождество байрамида бериладиган «натал» пулига қўшиб икки маротаба қўшимча ойлик ҳам олади.

Бироқ олий маълумотлиларнинг ойлиги баланд. Масалан, инженерлар, маркетинг, технология соҳасидагилар, тиббиёт соҳасидагилар, ҳуқуқ соҳасидагилар энг баланд ҳақ олувчилар ҳисобланади. Эгаллаб турган лавозимига қараб 1500 евродан то 5000-6000 евро ёки ундан ҳам кўпроқ маош олиши мумкин.

Фото: «Дарё»

Португалиядаги таълим тизими ва ўқишга кириш ҳақида

Тўғриси, мен бу ерда ўқимадим, таълим тизимида ишламадим. Менимча, мамлакатдаги ўқиш шарт-шароитларини фарзандларим мендан-да яхшироқ билишади. Бу саволга улар жавоб бергани маъқул деб ўйлайман.

Фото: «Дарё»

Ширин Чоршанбаева:

Португалияда бошланғич таълим ва ўрта мактаб худди Ўзбекистондагидек. Бироқ 9-синфни тамомлагандан сўнг, ўқувчи маълум бир касбни ўргатишга йўналтирилган уч йиллик профессионал курсларни ёки аниқ фанларни чуқур ўргатувчи 10, 11, 12-синфлардан иборат мактаб-лицейларни танлаши керак бўлади. Мактаб-лицейларда тўртта гуманитар фанлар, фан ва технология, иқтисод ҳамда санъат бўлими бор.

Масалан, сиз тиббиётга кирмоқчи бўлсангиз, фан ва технологиялар бўлимида ўқишингиз керак. Чунки бу бўлимда кимё, физика, биология, математика фанлари чуқур ўтилади. 11 ҳамда 12-синф якунида олий таълим бошқармасидан келишиб, ана шу фанлардан имтиҳон олади.

Имтиҳонлар натижаси сизнинг олийгоҳга киришингиз учун катта рол ўйнайди. Айтмоқчи бўлганим, олий ўқув юртларига кириш учун бошқа алоҳида тестлар бўлмайди. Шунинг учун ҳам ўқувчи мактабда жуда яхши ўқиши керак.

Фото: «Дарё»

Тиббиёт, авиация муҳандислиги ва бошқа инженерлик курслари юқори балл талаб қиладиган курслар ҳисобланади. Рақобат ҳам катта бўлади.

Агар йил давомида ўзлаштиришингиз паст бўлса ёки имтиҳондан ўтолмасангиз синфда қолиб яна қайтадан дейлик, 11-синфми ёки 12-синфми қайта ўқишингиз керак бўлади.

Яна бир қулайлик томони шундаки, олий таълимга ўқишга кириш учун онлайн тарзда ариза берасиз, яъни институтга бориб топшириш шарт эмас. Бир вақтнинг ўзида олтита университетга топширишингиз мумкин. Агар сиз тўплаган балл биринчига етмаса, иккинчисига, унга ҳам етмаса учинчисига ўтасиз ва ҳоказо.

Жавоҳир Чоршанбаев:

Лекин яна бир гап. Университетга кириш осон бўлгани билан ўқиш,  имтиҳонларни топшириш осон эмас. Сессия вақти бутун шаҳар бўйлаб барча кутубхоналар талабалар билан тўлиб кетади. Баъзан кечаси соат 00:00 да ҳам талабаларни учратиш мумкин.

Бу ерда деярли барча бакалавриат ҳуқуқшунослик ва халқаро муносабат йўналишидан ташқари уч йил давом этади, магистратура эса икки йил. Бакалавр дипломи билан иш топиш қийин бўлганлиги учун ҳамма магистратурани ўқийди. Бироқ синглимнинг йўналишида, яъни стоматологияда магистратурани ўқиш мажбурий, бўлмаса диплом бермайди.

Фото: «Дарё»

Талабалар ҳаёти ҳақида

Ширин Чоршанбаева:

Мен ўқийдиган Коимбра университети дунёдаги энг қадимий йирик, халқаро талабалар таълим оладиган университет ҳисобланади. Талабалар сони тахминан 25 мингни ташкил қилади. Университетнинг махсус академик формаси бор. Бу португалчада «traje academicoya» дейилади. Коимбра университети талабалари азалдан байрам кунларида, муҳим кечаларда ана шу костюмда бўлишади. Устларига, албатта ўша катта плашни илиб олишади.

Фото: «Дарё»

Формамизнинг яна бир қизиқ томони, «Garry Potter» билан боғлиқ. Аниқроқ айтадиган бўлсам, британялик ёзувчи Жоанна Ровлинг 1991—1993 йилларда Португалияда яшаб, ижод қилган. АОВга берган интервьюсида бутун дунёда машҳур «Garry Potter» асаридаги қаҳрамонларни яратишда ана шу академик костюмлардан илҳомланганини айтган.

Фото: «Дарё»

Португалияда ўқиш учун нима қилиш керак?

Жавоҳир Чоршанбаев:

Агар четдан кимдир бу ерга ўқишга топширмоқчи бўлса, ҳужжат топшириш онлайн бўлади. Португалиядаги DGES’нинг Олий таълим бошқармасининг (DGES bu Direçao- do Geral Ensino Superior) сайтига кириб расмийлаштиради.

Университетга кириш шартлари ҳамма институтда ҳар хил, шунингдек ўқув тўловлари ҳам. Тиббиёт факультетида ўқиш тўлови четдан келганларга кўпроқ. Қабулда инглиз тилидан алоҳида ҳужжат талаб қилинмайди, аммо инглиз тилини билса, мулоқотга кириши осон бўлади. Ўқиш харажатлари ҳамма институтда ҳар хил, буни онлайн сўров бериб аниқлаш мумкин.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонни кўп соғинамиз, лекин қачон қайтамиз билмайман

Гулзода Чоршанбаева:

Португалияда яшаётганимизга 18 йилдан ошган бўлса-да, Ватанга қайтиш фикри бизни тарк этмаган. Ҳар икки, уч йилда таътил пайти Самарқандга бориб келамиз. Бироқ қачон бутунлай қайтамиз, билмайман.  Сабаби, болалар бу ерда ўқияпти, ишлаяпти. Балки икки йил, беш йил ёки ўн йил билмадим, буни вақт ва шароит кўрсатади.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди. 

Мавзуга доир: