Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев 27 февраль, пайшанба куни, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Жианг Ян билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Маълум қилинишича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Хитойнинг Афғонистон муаммосини ҳал этишдаги саъй-ҳаракатлари, Афғонистонда турли лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлигининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Хитой томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда сиёсий музокаралар жараёнини бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолар экан, Хитойнинг Афғонистон инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдори эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

Элчи Афғонистонни минтақавий лойиҳаларга янада кўпроқ жалб этиш муҳимлиги тўғрисидаги Ўзбекистон томони фикрини тўлиқ қўллаб-қувватлади, бу эса мамлакатдаги вазиятни ҳал этиш ва унинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклашга ёрдам беради.

Суҳбат давомида элчи Термиз шаҳридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш бўйича Таълим марказида афғон аграр мутахассисларини тайёрлаш бўйича уч томонлама ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига миннатдорлик билдирди.

Таъкидланишича, 2020 йилнинг иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган «Афғонистоннинг тиббиёт соҳаси учун ҳамширалар тайёрлаш» мавзусидаги курслар ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклашда амалий ёрдам кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, Исматулла Эргашев 26 февраль, чоршанба куни, Афғонистон транспорт вазири вазифасини бажарувчи Ямо Шамс билан учрашган ва Ўзбекистоннинг Афғонистон орқали ўтадиган транзит юклари ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилган эди.

Аввалроқ Афғонистон президенти Ашраф Ғани Ўзбекистон Афғонистонга иқтисодий ёрдам кўрсатишда бошқа давлатлар учун намуна бўлаётганини билдирган эди.