АҚШ вице-президенти Майк Пенс Оқ уйнинг коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича координатори лавозимига Дебби Бирксни тайинлади, у аввал ОИВ/ОИТС эпидемиясига қарши курашиш муаммолари бўйича ҳукумат сиёсатини олиб борган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар қилди.

Оқ уй

Фото: Getty Images

Оқ уй матбуот хизматининг баёнотига кўра, Биркс соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазири Алекс Азар раҳбарлик қилаётган ишчи гуруҳ таркибига киритилади. Аёлга АҚШ миллий хавфсизлик кенгаши ходимлари яқиндан ёрдам беради.

Оқ уйда Биркснинг ўз фаолиятида давомида кўплаб янги қарорларнинг қабул қилинишида муҳим ўрин эгаллагани, фаоллиги билан таниқли мутахассис, глобал соғлиқни сақлаш соҳасидаги врач сифатида улкан муваффақиятларга эришгани таъкидланган. Жумладан, баёнотда Биркснинг ОИВга қарши вакцина ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилгани қайд этилган.

Дебби Биркс

Фото: US Mission in Geneva

АҚШ президенти Дональд Трамп 27 февраль куни вице-президент Майк Пенснинг мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича ишларни жадаллаштирганини маълум қилган. Давлат раҳбарининг айтишича, АҚШда коронавирусга чалинган 15 нафар бемор қайд этилган, бир нафар одам анчайин оғир аҳволда.

Трамп администрацияси конгрессдан коронавирусга қарши кураш ҳамда янги вакцина ишлаб чиқилишига бюджетдан 2,5 миллиард доллар ажратишни сўраган. Сенатдаги демократлар ушбу сўров учун Трампни танқид қилган ва эпидемияга қарши курашга кўпроқ яъни 8,5 миллиард доллар ажратиш лозимлигини қайд этган. Трамп конгрессга ушбу ҳаражатлар учун анчайин катта маблағ ажратилишига қаршилик қилмагани учун миннатдорлик билдирган.