Озарбайжонга Эрондан келган Россия фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди, дея хабар бермоқда «Интерфакс». Бу коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ Озарбайжондаги илк ҳолатдир.

Фото: Trend

Россияликнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. У махсус режимдаги юқумли касалликлар бўлимига жойлаштирилган.

Meduza’нинг ёзишича, бу коронавирус инфекцияси билан касалланган тўртинчи россияликдир. Аввалроқ Diamond Princess круиз лайнерида карантинда бўлган уч россияликда коронавирус аниқланганди. Ҳозир уларнинг учаласи ҳам Қозон шаҳрида изоляцияга олинган. Бундан ташқари, Россияда икки хитойликда ҳам коронавирус борлиги аниқланган эди, улар аллақачон тузалиб улгурди.

Эрон — жаҳондаги энг йирик коронавирус инфекцияси ўчоқларидан бири. Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда 388 кишида (жумладан, мамлакатнинг оила ва аёллар масалалари бўйича вице-президенти ва соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарида) коронавирус аниқланган, 34 киши (жумладан, Эроннинг Ватикандаги собиқ элчиси) вафот этган. Бундан кўпроқ қурбон — 2788 киши — Хитойда рўйхатга олинган.