Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги Карабутак—Костанай трассасида 25 февраль куни 45 нафар йўловчи — Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган автобус ағдарилиб кетди.

Фото: Diapazon

Ҳодиса вақтида автобус ичида бўлганлардан бири «Kun.uz»га маълум қилишича, Чимкентдан Екатеринбургга қараб йўлга чиққан автобус йўл музлаши туфайли ағдарилган, унинг ичида ўндан ортиқ ўзбекистонликлар бўлган.

Фото: «Kun.uz»

Йўловчилар орасида жароҳатланганлар йўқ. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ташаббуси билан йўл транспорт ҳодисаси иштирокчилари меҳмонхонага жойлаштирилган.

Ҳозирча ушбу ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ёки Транспорт вазирлиги муносабат билдирмаган.

Қозоғистондаги маҳаллий нашрлар ушбу ЙТҲ ҳақида маълумот бериб, автобусдаги йўловчиларнинг барчаси Тожикистон фуқаролари эканини маълум қилган.

Аввалроқ ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон фуқаролари қиш мавсумида автобус ёки бошқа транспорт турларида Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўришга эътибор қаратиш зарурлигини эслатиб ўтганди.