Дунё бўйлаб биржа индексларининг пасайиши оқибатида сўнгги бир ҳафта давомида сайёранинг энг бадавлат 500 одами 444 миллиард доллар йўқотди. Кўрилган зарарлар қиймати йил бошидан бери олинган барча даромадлардан ошиб кетган. Бу ҳақда Bloomberg’га таяниб, «РБК» хабар берди.
Amazon асосчиси Жефф Безос 11,9 миллиард доллар йўқотган. Ундан кейинги ўринда Microsoft раҳбари Билл Гейтс 10 миллиард доллар билан турган бўлса, LVMH эгаси Бернар Арно 9 миллиард долларидан айрилган.
Дастлабки ўнталикка кирмайдиганлар орасида энг кўп йўқотишга Илон Маск учраган. У Tesla акциялари нархининг тушиб кетиши оқибатида 9 миллиард долларидан айрилган.
Таъкидланишича, дунёдаги энг бадавлат инсонларнинг 80 фоизи зарар кўрган. Уларнинг йўқотишларига дунё бўйлаб коронавируснинг тарқалиши ва Хитойдаги вазият туфайли иқтисодий пасайиш қўрқуви билан боғлиқ. Муаммолар тўғридан-тўғри Carnival Corp. раҳбари Мики Арисонга зарар келтирган. Чунки Японияда карантинга олинган Diamond Princess саёҳат кемаси Арисонга тегишли. Сўнгги бир ҳафтанинг ичида у 1 миллиард доллар йўқотган.
Мавзуга доир:
Аввалроқ Хитойда тарқалган янги турдаги коронавирус туфайли мамлакат ҳудудидаги заводлар ва дўконлар эпидемия оқибатида ёпиб қўйилгани, бу бутун дунёда 5 миллиондан ортиқ компаниялар фаолиятига салбий таъсир кўрсатгани хабар берилган эди. Fitch халқаро рейтинг агентлиги коронавируснинг тарқалиши Хитойда автомобиль сотиш ҳажмининг пасайишига ва бутун дунё бўйлаб автомобиллар етказиб бериш жараёнининг бузилишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Маълумот учун, коронавирус туфайли дунёнинг энг бой одамлари бир кунда 139 миллиард доллар йўқотди, Ўзбекистоннинг асосий экспорт маҳсулоти — олтиннинг нархи рекорд даражада кўтарилди. Samsung коронавирус билан касалланган ходим сабабли Жанубий Кореядаги корхоналаридан бирини ёпди. Аввалроқ миллиардер Уоррен Баффетт коронавируснинг тарқалиши ва унинг жаҳон бозорига таъсири ҳақида фикр билдирган эди. Moody’s рейтинг агентлиги вируснинг 2008—2010 йиллардаги молиявий инқироздан кўра жиддийроқ оқибатларга олиб келиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган.