Ўзбекистонда бакалавр ва магистрларни тайёрлашда мамлакатнинг тегишли олий таълим муассасаларида «МICE туризм», «Экотуризм» фанлари жорий этилиши режалаштирилмоқда.

Фото: «»Дарё»

Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикасида туризм хизматларини янада диверсификация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

Унга кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб бакалавр ва магистрларни тайёрлашда мамлакатнинг тегишли олий таълим муассасаларида «МICE туризм», «Экотуризм» фанларини жорий этишни таъминлайди.

Шунингдек, республикада хорижий олий таълим муассасаларини, шу жумладан, туризм соҳасида малакали кадрлар тайёрлашга ихтисослашган филиалларини очиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи академик иммиграцияни рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади:

  • чет эллик юқори малакали илмий-педагогик кадрларни, шу жумладан, чет элдаги ватандошларни касб-ҳунар ва олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятига жалб этиш;
  • соддалаштирилган тартибда «академик виза» турини чет эллик олимларга, ўқитувчиларга ва уларнинг оила аъзоларига контракт муддати давомида уни республикадан ташқарига чиқмасдан узайтириш имконияти билан 5 йил муддатга Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома бериш.

Ўзбекистонда яшаш учун рухсатнома ёки «академик виза»га эга бўлган хорижий олимлар ва ўқитувчилар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.