Арманистонда COVID-19 коронавируси инфекциясини юқтириб олиш бўйича биринчи ҳолат кузатилди, деб ёзган мамлакат бош вазири Никол Пашинян Facebook’даги саҳифасида.

Фото: OC Media

Унинг сўзларига кўра, Теҳрондан рафиқаси билан етиб келган республиканинг 29 ёшли фуқароси ушбу касалликни юқтириб олган.

Тиббиёт ходимлари билан мулоқот вақтида эркакнинг иситмаси баланд бўлган, лекин уйқудан уйғонганидан кейин унинг ҳолати барқарор экани хабар қилинган, дейди Пашинян. Беморнинг рафиқаси топширган таҳлиллар салбий натижа кўрсатган.

«Ҳукумат Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан белгиланган қоида ва меъёрларга амал қилиб, зарур чора-тадбирларни амалга оширади», — деган бош вазир.

Касалликни юқтирган фуқаро билан мулоқот қилганлар карантинга олинмоқда. Пашиняннинг сўзларига кўра, улар 30 нафар ва ҳаммаси алоҳида меҳмонхона тартибидаги касалхоналарга олинган. Самолётда бошқа мамлакатларнинг фуқаролари ҳам бўлган ёки бўлмагани юзасидан аниқ маълумот берилмаган.

26 февраль, чоршанба куни, COVID-19 юқтириб олиш бўйича биринчи ҳолат Грузияда, икки кун ўтгач Озарбайжонда кузатилган. Инфекция мамлакатга Эрондан келган Россия фуқаросида аниқланган. Бемор инфекция блокига олинган ва унинг ҳолати барқарор экани хабар қилинганди.

Эрон ҳукумати берган маълумотларга кўра, 29 февраль ҳолати бўйича мамлакатда инфекция юқтириб олганлар сони 593 нафарга етган, 43 нафар фурқаро коронавирус оқибатида вафот қилган. Россия Транспорт вазирлиги инфекция туфайли Эрон Ислом Республикаси билан авиақатновларни вақтинча чеклаб қўйган. Шереметьево аэропортидан фақат «Аэрофлот» ҳамда Mahan Air компанияларининг самолётлари икки давлатдан парвозларни амалга ошира олади.