Австралияда янги турдаги COVID-19 коронавируси туфайли биринчи ўлим ҳолати кузатилди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Эндрю Робертсонга таяниб Reuters хабар берган.

Фото: MSN

Маълумотларга кўра, Diamond Princess саёҳат кемасидан эвакуация қилинган 78 ёшли фуқаро вафот этган. Бемор Австралия жануби-ғарбидаги Перт шаҳрида карантинда бўлган.

Робертсоннинг сўзларига кўра, эркакнинг турмуш ўртоғида ҳам коронавирус кузатилган. Ҳозирда аёлнинг ҳолати барқарор экани айтилмоқда.

Diamond Princess Япония соҳилларига яқинлашган вақтида гонконглик эркакда коронавирус кузатилгани туфайли карантинга олинган. Лайнерда турли мамлакатлардан қарийб 3,7 минг нафар одам бўлган, касаллик 500 нафардан ортиқ одамда кузатилган.

Австралия соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда вафот этган одамдан ташқари яна 24 нафар фуқарода коронавирус қайд этилган, улардан 9 нафари саёҳат кемасидан эвакуация қилинган одамлардир.