Энг катта авиакомпаниялардан бири бўлган Emirates Airlines коронавирус тарқалиши сабаб вужудга келган иқтисодий муаммолар туфайли ўз ходимларидан таътилга чиқишни сўради. Бу ҳақда Reuters компания раҳбариятининг ходимларга йўллаган мактубига асосланиб хабар қилган. Emirates вакили ҳам агентликка хатнинг ҳақиқатда мавжуд эканини тасдиқлаган.

Фото: Global Look Press

Ҳужжатда коронавирус туфайли компаниянинг бизнесда жиддий молиявий сустлашиши кузатилгани қайд этилган. Шунингдек, шу муносабат билан ходимларга тўлов кўзда тутилган таътил олиш тавсия қилинган. Тезкор фаолият билан шуғулланмайдиган ходимларга эса ўз ҳисобидан таътил олиш сўралган.

Reuters’нинг ёзишича, Emirates Хитойнинг материкли қисмига парвозларнинг ҳаммасини бекор қилган, фақат Пекин рейси бундан мустасно, Эрон ҳудудига қилинадиган парвозлар ҳам вақтинча тўхтатилган.

Emirates давлатга қарашли Дубай халқаро авиакомпанияси ҳисобланади. Emirates расмий сайтидаги маълумотга кўра, компанияда бутун дунё бўйлаб 60 мингдан ортиқ ходим ишлайди ҳамда компания 270 та самолётга эга.

ЖССТнинг 1 март ҳолати бўйича берган маълумотига кўра, бутун дунёда 85 минг нафардан ортиқ одам коронавирус билан касалланган. Уларнинг кўпчилик қисми, яъни 79 минг нафар одам Хитойда, қолган қисми эса бошқа 53 та хориж мамлакатида яшайди. Касалланганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубия Корея, Эрон ва Италия қайд этилмоқда.

Россия коронавирус сабаб Хитой ҳамда Жанубия Корея билан авиақатновларни чеклаб қўйган, Эрондан келаётган хорижликларни мамлакатга киритмаяпти. «Роспотребнадзор» россияликларга зарурат бўлмаса, хориж мамлакатларига бормасликни тавсия қилган.