Япония ва Италияда коронавирус авж олиши сабабли Uzbekistan Airways авиакомпанияси 2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб Токио ва Римга бўлган йўналишдаги қатновларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Дарё»

Қайд қилинишича, қарор Ўзбекистон ҳудудида вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинган. Шунингдек, компания Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда авиакомпаниянинг барча рейсларида юқори хавфсизлик чоралари жорий этилгани, Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтувчи шахслар санитария-карантин тадбирлари ва тиббий-санитария назоратларидан ўтказилаётганлиги ҳақида маълум қилган.

Маълумот учун, Италияда коронавирус билан касалланганлар сони 800 нафардан ошиб, вафот этган беморлар сони 21 нафарга етган.

Аввалроқ миллий авиакомпания 1 мартдан бошлаб Жанубий Кореяда коронавирус авж олиши сабабли Сеулга бўлган қатновларни вақтинча тўхтатиб тургани ҳақида хабар берилганди.