АҚШда коронавирусдан иккинчи ўлим ҳолати қайд этилди. Бу ҳақда The New York Times’га таяниб «РИА Новости» хабар бермоқда.

Фото: Reuters

Касаллик 70 ёшли эркакда аниқланган. У 29 февраль, шанба куни, Вашингтондаги EvergreenHealth касалхонасида вафот этган. Аввалроқ шу касалхонада 50 ёшли аёл вафот этганди. Коронавирус юқтириб олган яна 4 нафар бемор оғир ҳолатда.

Хабарда айтилишича, куни кеча Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) АҚШда коронавирус билан касалланишнинг тасдиқланган ҳолатлари сони 60 дан ошганини маълум қилган.

Трамп администрацияси коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш учун Конгрессдан 2,5 миллиард доллар талаб қилмоқда. Шу билан бирга, президент коронавирусга қарши вакцинани яратиш жараёни «тез» ва «жуда яхши» ўтаётганини таъкидлаган.

Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 88 минг кишидан ошиб кетди. Вирус оқибатида вафот этганлар сони 3 041 кишига етган, 42 мингдан ортиқ бемор даволанишга муваффақ бўлган.