Роспотребнадзор Москва шаҳрида коронавирус юқтириб олиш бўйича биринчи ҳолат кузатилганини тасдиқлади, дея хабар берган «Интерфакс». Коронавирусга чалинган бемор россиялик Давид Беровнинг ушбу касалликни Италиядан юқтириб келгани айтилмоқда.

Фото: Russia Beyond

Таъкидланишича, Россияда коронавирусни аниқлашнинг уч босқичдан иборат жараён асосида текширилмоқда. Дастлабки ташхис Москвадаги 1-рақамли касалхонада қўйилган, кейинчалик Роспотребнадзор уни тасдиқлаган. Энди таҳлил натижалари Новосибирскдаги «Вектор» марказига юборилган ва у ердан якуний хулоса берилади.

Аввал Беров билан яна олти нафар фуқаронинг бир хонада даволангани маълум бўлган. Таҳлиллар эркакда коронавирус аниқланганидан кейин уни алоҳида хонага олиб ўтишган. Беров билан қўшни бўлган Аслан Субханкуловнинг сўзларига кўра, хонада ётган ҳамма берморлардан такроран таҳлиллар олинган ва шифокорлар хатоси ошкор бўлмаслиги учун улардан бу ҳақида ҳеч кимга айтмаслик сўралган.

29 февралда коронавируснинг тўрт нафар россияликда кузатилгани ва уларнинг уч нафари Diamond Princess кемаси йўловчиси бўлган. Бир нафар россиялик эса касалликни юқтириб олгач Эрондан Озарбайжонга ўтган.

1 март ҳолатига кўра, бутун дунёда 86,9 минг нафар одам коронавирус билан касалланган, уларнинг кўпчилик қисми вирус ўчоғи бўлган Хитой ҳудудида. Тахминан 2,9 минг нафар одам касаллик туфайли вафот этган, 42,1 минг нафар бемор эса касалликдан тузалган.