Эронда коронавирус билан зарарланиш бўйича тасдиқланган ҳолатлар сони 2336 тага етди, бир кун олдин эса 1500 та ҳолат қайд этилган эди. Бу ҳақда Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Алиризо Раисий маълум қилди, деб хабар беради «РБК».

Фото: Global Look Press

Маълум қилинишича, касаллик қурбонлари сони 77 кишига етган. Аввалроқ Эроннинг хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича вице-президенти Маъсума Эбтекар ва Эрон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ираж Харирчининг коронавирус юқтириб олгани маълум бўлган эди. Ҳозирда улар даволанмоқда.

Бундан ташқари, Мувофиқлик Кенгашининг олий аъзоси Муҳаммад Мирмуҳаммадий ва Эроннинг Ватикандаги собиқ элчиси Хади Хисравшоҳий коронавирусдан вафот этган.

Эрон коронавирусга қарши бир қатор чораларни кўрмоқда. Хусусан, жума намозлари бекор қилинди ва Хитой фуқаролари учун мамлакатга кириш тақиқланди. Бундан ташқари, Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси коронавирус билан курашиш учун штаб ташкил этилганини маълум қилди.

Эрон эпидемия тарқалиши муносабати билан ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилгани маълум бўлди. Россиядаги Эрон элчиси Козим Жалолийнинг сўзларига кўра, Москва томонидан Теҳронга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Баъзи Европа давлатлари — Франция, Германия ва Буюк Британия вирусга қарши курашда Эронни қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратган.

Бутун дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони эса 90 370 кишига етган. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335) кетмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунёнинг 64 давлатида коронавирус аниқланган.