Хитойда ўтган бир сутка давомида янги турдаги COVID-19 коронавируси билан касалланиш бўйича янги 125 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабар берди.

Фото: AP Photo

Шундай қилиб 2019 йилнинг декабридан буён коронавирус билан касалланганлар сони 80 151 кишига етган.

Вирус оқибатида 31 киши вафот этган бўлиб, уларнинг барчаси вирус ўчоғи ҳисобланган Хубэй провинциясидан. Шу кунгача жами вафот этганлар сони 2943 кишини ташкил этмоқда. Сўнгги бир сутка ичида 2742 киши даволанишга муваффақ бўлган.

Вирусни юқтириб олганлар билан яқин муносабатда бўлган 40,6 минг одам тиббиёт ходимлари кузатуви остида қолмоқда.

Хитойдан ташқарида 151 кишида касаллик аниқланган: 100 нафари Гонконгда (бир киши вафот этган), 41 нафари Тайванда (бир киши ўлган) ва ўн киши Макаода.

Бутун дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони эса 90 370 кишига етган. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335), Италия (2036) ва Эрон (1501) кетмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунёнинг 64 давлатида коронавирус аниқланган.