Ўзбекистон бош давлат санитария врачи Баҳром Алматов янги турдаги COVID-19 коронавируси билан касалланиш ҳолатлари аниқланган мамлакатлардан Ўзбекистонга келган фуқароларни карантин ва изоляцияга олиш тўғрисида қарор чиқарган. Қарор 27 февралда имзоланган, бироқ унинг мазмуни ҳақида 4 мартга келибгина ахборот берилди.

Фото: Uzbekistan Airways

Қарорга кўра, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Италия, Афғонистон, Япониядан тўғридан-тўғри ёки бошқа давлатлар орқали, бир вақтда уюшган ҳолда кириб келган фуқаролар 14 суткага карантинга олинади. Уларга карантин мобайнида карантинизация жойини тарк этишга рухсат берилмайди. Карантин тугагач (шифохонадан чиққач), 10 кун мобайнида тиббиёт ходими томонидан телефон орқали сўраш ўтказилади.

Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Италия, Афғонистон, Япония, Франция, АҚШ, Германия, Сингапур, Испания, Гонконг, Макао, Тайвандан тўғридан-тўғри ёки бошқа давлатлар орқали, уюшмаган ҳолда кириб келган фуқаролар, агар охирги ташрифидан 14 кундан кам вақт ўтган бўлса, уй шароитида изоляция (уй карантинига) олинади. Бу фуқаролар 14 сутка давомида яшаш жойида (уй, меҳмонхона, ётоқхона ва бошқа) доимий равишда изоляцияда бўлиши лозим, оила аъзоларидан ташқари кишилар билан мулоқотда бўлмасликлари, аҳолининг оммавий тўпланадиган жойларига боришига рухсат этилмайди.

Таиланд, Озарбайжон, Буюк Британия, Малайзия, БААдан келган фуқаролар, хусусан, экипаж аъзолари, локомотив бригадалари, темирйўл транспорти фаолияти билан боғлиқ шахслар ва халқаро автоуловларда юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар яшаш жойларидаги даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари томонидан 14 кун мобайнида тиббий кузатувга олинади. Уларга аҳоли оммавий тўпланадиган жойларга бормаслик, одамлар билан мулоқотни мумкин қадар камайтириш тавсия қилинади.

Баҳрайн, Кувайт, Арманистон, Беларусь, Уммон, Покистон, Грузия, Чехия, Ироқ, Ливан, Канада, Литва, Эстония, Руминия, Греция, Нидерландия, Норвегия, Австрия, Дания, Швециядан келган фуқароларнинг соғлик ҳолати юзасидан эса дистанцион мониторинг олиб борилади — агар уларнинг охирги ташрифидан 14 кундан кам вақт ўтган бўлса, улардан телефон орқали хабар олинади. Айни вақтда, уларга ҳам аҳоли оммавий тўпланадиган жойларга бормаслик, одамлар билан мулоқотни камайтириш бўйича тавсиялар берилади.

Қарор иловасида алоҳида таъкидланишича, Хитой, Жанубий Корея, Эрон, Италия, Афғонистон, Япония, Франция, АҚШ, Германия, Сингапур, Испания, Гонконг, Макао, Тайвандан тўғридан-тўғри ёки бошқа давлатлар орқали, бир вақтда уюшган ёки уюшмаган ҳолда Ўзбекистонга кириб келган ҳамда шифохонада ёки уй шароитида карантинга олинган шахслар томонидан интизомни бузиш ҳолатлари кузатилса, улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг уч баравари (4 март ҳолатига кўра — 669 минг сўм)дан 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм)гача жарима), Жиноят кодексининг 195-моддаси (мансабдорлар томонидан табиий атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатларини бартараф қилиш чораларини кўрмаслик — камида 22 миллион 300 минг сўм жарима, кўпи билан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси) ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш — камида 11 миллион 150 минг сўм жарима, кўпи билан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси) бўйича жавобгарликка тортилади.