2020 йил 29 февралдан бошлаб Ўзбекистоннинг Корея республикасидаги элчихонаси ҳузурида тезкор штаб ўз ишини бошлади ва у Корея республикасида COVID-19 коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар 24 соатлик тартибда фаолият кўрсатади, дейилган Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Фото: AP Photo

Штаб аъзолари Ўзбекистон фуқаролари билан учрашувлар ўтказиб тушунтириш ишлари олиб бормоқда ва ташкилий-техник масалаларни ҳал қилмоқда.

Элчихонанинг расмий веб-сайтида ва Facebook’даги саҳифасида, Facebook ва Telegram ижтимоий тармоқларидаги «Uzbek students in Korea» гуруҳларида тезкор ахборотлар доимий асосда жойлаштирилмоқда.

Элчихона Жанубий Корея томонининг ваколатли органлари билан мунтазам алоқада бўлиб турибди ва Ўзбекистон фуқароларининг консуллик-ҳуқуқий аҳамиятдаги, бошқа турдаги масалаларини ҳал қилишга кўмаклашади. Хусусан, Корея республикаси Адлия вазирлиги мамлакатда қонуний асосда бўлиб турган барча Ўзбекистон фуқароларининг ID-карталари амал қилиш муддатини бир ойга узайтирди.

Оператив штаб берган маълумотга кўра, 3 март тонги ҳолатига кўра Корея республикаси ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари орасида коронавирус билан касалланганлар қайд этилмаган.

Элчихона ўзбекистонликларни ўз қарорларини, жумладан ватанга қайтиш тўғрисидаги қарорларини жиддий ўйлаб кўришни тавсия қилиб, Корея республикаси ҳукумати илғор тиббиёт технологиялардан фойдаланган ҳолда коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун барча зарур чораларни кўраётганини қайд этган.

Хабарга кўра, касаллик аниқланган тақдирда чет эл фуқароларига даволаш билан боғлиқ бепул малакали тиббий хизмат кўрсатилишини кафолатланган.

Шунингдек ТИВ маълумотида Ўзбекистон Республикасининг Корея республикасидаги элчихонаси ҳузурида ташкил қилинган тезкор штаб аъзоларининг телефон маълумотлари, элчихона веб-сайти (http://uzbekistan.or.kr) ва элчихонанинг Facebook’даги саҳифаси орқали фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилиниши эслатилган.