АҚШнинг Вашингтон штатида COVID-19 коронавируси келтириб чиқарган пневмония касаллигидан вафот этганлар сони кўпайди. Бу ҳақда The Hill нашри хабар тарқатган.

Фото: New York Post

Нашрнинг қайд этишича, штатда касалликдан ўлганлар сони 10 нафарга етган. Вафот қилганларнинг кўп қисми соғлиғи заиф ва кекса кишилар бўлгани қайд этилмоқда.

2020 йил 4 март ҳолатига кўра, АҚШда коронавирус келтириб чиқарган пневмония билан касалланган беморлар сони 128 нафарга етган. Уларнинг асосий қисми Вашингтон ва Калифорния штатида қайд этилган.

1 мартда Вашингтон штати губернатори Жей Инсли коронавирус инфекцияси билан касалланган биринчи бемор вафотидан кейин ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилган. У фуқароларни гигиена қоидаларига амал қилишга, хусусан қўлларни тез-тез ювиш, ён атрофдаги кўп фойдаланиладиган буюмларни дезинфекция қилишни тавсия этганди.

2020 йил 4 март ҳолатига кўра, янги турдаги COVID-19 коронавируси билан 94,2 мингдан зиёд одам касалланган. Пневмония сабаб вафот этганлар сони 3,2 минг нафарни, касалликдан тузалганлар сони эса 51 минг нафарни ташкил қилади. Коронавирус билан касалланиш ҳолатлари Хитойдан ташқари дунёнинг қарийб 70 та мамлакатида кузатилган.