Эроннинг барча вилоятлардаги маъмурий марказларида янги турдаги коронавирус сабаб жума намозлари расман бекор қилинди. Бу ҳақда жума имомлари кенгаши раҳбари Али Акбарийга таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Фото: Tasnim

«Коронавирус тарқалишини назорат қилиш бўйича миллий штабнинг қарорига кўра, мамлакатнинг барча вилоятларнинг маъмурий марказларида ушбу ҳафтада жума намози ўқилмайди», — дейилади хабарда.

Ўтган ҳафта Теҳронда жума намозлари бекор қилинган эди.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 19 февраль куни мамлакатда коронавирус билан касалланган биринчи ҳолат қайд этилганини маълум қилганди. Сўнгги маълумотларга кўра, Эронда коронавирус билан зарарланиш бўйича тасдиқланган ҳолатлар сони 2336 тага етган. Аввалроқ Эроннинг хотин-қизлар ва оила масалалари бўйича вице-президенти Маъсума Эбтекар ва Эрон соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ираж Харирчининг коронавирус юқтириб олгани маълум бўлган эди. Ҳозирда улар даволанмоқда.

Бундан ташқари, Мувофиқлик кенгашининг олий аъзоси Муҳаммад Мирмуҳаммадий ва Эроннинг Ватикандаги собиқ элчиси Хади Хисравшоҳий коронавирусдан вафот этган.