Германиянинг Lufthansa компанияси COVID-2019 коронавирус инфекцияси туфайли 150 та самолётни эксплуатациядан чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Reuters’га таяниб «РБК» хабар бермоқда.

Фото: Pixabay.com

«Биз фавқулодда вазиятларни ҳисобга олган ҳолда режаларимизни изчиллик билан ўзгартирмоқдамиз», — деган компания вакили.

Austrian Airlines, SWISS ва Brussels Airlines’ни ҳам ўз ичига олган Lufthansa Group авиапаркида умумий ҳисобда 770 та самолёт бор.

Қайд этилишича, ўтган ҳафта Lufthansa коронавирус эпидемияси фонида қисқа ва ўрта масофадаги парвозларни тўрт баравар (25 фоиз) қисқартиришини эълон қилган. Компания бу даврнинг қанча давом этиши коронавирус билан боғлиқ вазиятнининг келгусидаги ривожланиши билан боғлиқлигини таъкидлаган.

Шунингдек, узоқ парвозлар учун мўлжалланган вақтинча фойдаланилмайдиган самолётлар сони 13 тадан 23 тагача кўпайиши маълум қилинган. Ходимларнинг иш вақтини қисқартириш имконияти коронавирусга қарши чоралардан бири сифатида кўриб чиқилаётгани ҳам таъкидланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 90 870 кишига етган бўлиб, 3110 киши вирус оқибатида вафот этган. Жанубий Кореяда 516 та янги ҳолат қайд этилиб, 5328 кишида коронавирус аниқланган бўлса, вафот этганлар сони 32 кишини ташкил этмоқда. Италияда ушбу кўрсаткич тегишли равишда 2502 ва 79 нафарга тенг. Эронда эса 2,9 минг кишида вирус аниқланган бўлиб, 92 киши вафот этган. 552 киши даволанишга муваффақ бўлган. Diamond Princess саёҳат кемасини қўшиб ҳисоблаганда Японияда 1000 кишида коронавирус аниқланган, вафот этганлар сони 12 кишига етган.