Индонезия ҳукумати коронавирус билан касалланган фуқароларни кимсасиз Галанг оролига жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Хади Тяжантога таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Indonesia-Travel

Индонезияда янги турдаги COVID-19 коронавируси билан касалланиш бўйича иккита ҳолат аниқланган.

Тяжантонинг маълум қилишича, коронавирус билан касалланганлар Галанг оролида 1979—1996 йилларда ветнамлик қочоқлар учун мўлжалланган лагернинг сақланиб қолган бир нечта биносига жойлаштирилади.

Бош қўмондоннинг сўзларига кўра, оролдаги госпитал карантин маркази вазифасини ҳам бажаради.

Хитой ҳукумати 2019 йил 31 декабрда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Хубэй провинциясининг Ухань шаҳрида номаълум турдаги респиратор вирус тарқалгани ҳақида огоҳлантирган. Мутахассислар ушбу инфекциянинг коронавирус таъсирида вужудга келаётганини аниқлаган. ЖССТ эпидемия сабаб коронавирус тарқалишини халқаро даражадаги фавқулодда ҳолат деб топган ва вирусга COVID-19 расмий номини берган.

Ҳозирги вақтга келиб Хитой ҳудудида 80 409 киши касалликни ўзига юқтириб олган бўлиб, вафот этганлар сони Хитойда 3012 кишини ташкил этмоқда. Калифорнияда коронавирус сабаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Ўзбекистонда эса коронавирус тарқалганини рад этган ССВ аҳолини касалликдан ҳимояланишга ундовчи SMSлар жўната бошлади.