Испания соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат ҳудудида коронавирусга чалинган беморлар сони 200 нафарга етганини хабар қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости». Аввал уларнинг 179 нафар экани маълум бўлганди.

Фото: Reuters

Вазирлик маълумотига кўра, Испанияда COVID-19 инфекцияси кузатилган беморлар орасида уч нафар бола бор, уларнинг икки нафари (ёши борасида аниқ маълумот берилмаган) Кастилия-Ла-Манчадан, 4 ёшли қизча эса Мадридда яшайди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги гарчи COVID-19 ёш болаларда кузатилганига қарамай, коронавирусдан ҳимояланишнинг эҳтиёт чораси сифатида мактаблар ёпилмаслигини эълон қилган.

4 март куни Испания ҳудудида коронавирусга чалинган биринчи бемор Валенсиядаги Арнау Виланованинг вафот этгани маълум қилинган, у 13 февралда оғир пневмониядан ўлган ва ушбу инфекциянинг коронавирус экани текширувлардан кейин ойдинлашди. Вазирлик беморнинг коронавирусдан ўлганини такрорий таҳлил натижаларидан кейин аниқлаган.

Испанияда 24 февралдан буён коронавирус билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Февраль охирига қадар мамлакат ҳудудида иккита ҳолат қайд этилган: Канар ва Балеар оролларида хорижликларда коронавирус кузатилганди. Иккала бемор ҳам тузалиб, шифохонадан чиқарилган.

Хитой ҳукумати 2019 йил 31 декабрда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Хубэй провинциясининг Ухань шаҳрида номаълум турдаги респиратор вирус тарқалгани ҳақида огоҳлантирган. Мутахассислар ушбу инфекциянинг коронавирус таъсирида вужудга келаётганини аниқлаган. ЖССТ эпидемия сабаб коронавирус тарқалишини халқаро даражадаги фавқулодда ҳолат деб топган ва вирусга COVID-19 расмий номини берган.

Хитойнинг материкли қисмида коронавирус билан касалланганлар сони 80 минг нафардан ошган, 2946 нафар одам вафот этган. ХХРдан ташқаридаги касалланишлар ЖССТнинг 4 март маълумотига кўра, 72 та давлатда кузатилган: 10 мингдан ортиқ киши касалланган ва 160 нафар одам пневмония оқибатида вафот этган.