Американинг Калифорния штатида коронавирус сабаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Бу ҳақда штат губернатори Гэвин Ньюсга таяниб Los Angeles Times нашри хабар берди.

Фото: Getty Images

«Ушбу қарор нафақат бир кишининг фожиавий ўлими, балки бошқа вазиятлар сабаб қабул қилинди», — дейди губернатор. Унинг таъкидлашича, бу каби чора-тадбирлар касаллик тарқалишига қарши курашиш учун федерал захирадан маблағ олиш зарурати билан боғлиқ.

4 март куни Плейсер округида (Калифорния штати) коронавирус инфекцияси оқибатида вафот этиш бўйича биринчи ҳолат қайд этилди. Касаллик соғлиғида муаммо бўлган кекса одамда аниқланган. У 11—21 февраль кунлари Сан-Францискодаги саёҳат кемасида бўлган вақтида касалликни юқтириб олган бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Вашингтон штати губернатори Жей Инсли коронавирус инфекцияси билан касалланган биринчи бемор вафотидан кейин ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилганди. 4 март ҳолатига кўра, АҚШда коронавирус келтириб чиқарган пневмония билан касалланган беморлар сони 128 нафарга етган. Уларнинг асосий қисми Вашингтон ва Калифорния штатида қайд этилган.