Навоий вилояти Кармана туманида 2019 йилнинг декабрь ойида бир аёлнинг уйидан умумий қиймати 19 миллион сўм бўлган пул ва заргарлик буюмларини ўғирлаб кетган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Фото: Тергов департаменти

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 28 декабрь куни соат 09:00 дан 18:00 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс 45 ёшли аёл З.М.нинг Кармана туманида жойлашган уйи дарвозасининг қулфини бузиб, уйга кирган. Мазкур шахс уйнинг ётоқхонасида бўлган 9,8 миллион сўм нақд пулларни ва қиймати 9,2 миллион сўмлик заргарлик буюмларини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган.

Фото: Тергов департаменти

Ушбу ҳолат юзасидан Кармана тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «г» банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб, ўғрилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Кўрилган чоралар натижасида мазкур жиноятни Қизилтепа туманида яшовчи, 29 ёшли Ғ.Р. содир этганлиги аниқланган.

Ғ.Р. гумон қилинувчи тариқасида мазкур ишга жалб қилиниб, процессуал тартибда ушланган. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Аввалроқ Бухорода икки эркак бир аёлни «бизнес қиламиз» деб 13,8 миллион сўмга алдаб кетгани ҳақида хабар берилган эди.