Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 мартдан бошлаб аҳолини коронавирусдан ҳимояланиш ҳақида SMS хабарлар орқали огоҳлантира бошлади.

Фото: Скрин

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантиради: Коронавирусдан ўзингизни ва бошқаларни асранг! Қўлларни тез-тез совунлаб ювинг!» , — дейилади вазирлик томонидан юборилган биринчи SMS хабарда.

5 март куни эса мобил алоқа фойдаланувчиларига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг иккинчи огоҳлантириши етиб келди. Унда вазирлик аҳолидан оғиз ва бурунни ёпиб юришни сўрамоқда:

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантиради: Коронавирусдан ўзингизни ва бошқаларни асранг! Оғиз ва бурнингизни енгингиз, салфетка ёки дастрўмол билан ёпинг».

Фото: Скрин

Эслатиб ўтамиз, 3 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирус тарқалгани ҳақидаги хабарларни рад этганди.

«Ижтимоий тармоқларда коронавирус инфекцияси Ўзбекистонга кириб келгани ҳақидаги хабарлар мутлақо ёлғон бўлиб, айни пайтга қадар республикада коронавирус касаллиги умуман қайд этилмади», — дейилган эди вазирлик баёнотида.

4 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистондаги ОТМлар ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида профилактик чора ва назоратни кучайтириш, тегишли санитария тадбирларини амалга ошириш орқали мураббий ва талаба-ўқувчилар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълим вазирлиги билан ҳамкорликда қўшма қарор қабул қилди. Ҳужжат билан коронавирус хавфи сабаб Ўзбекистондаги ўқитувчи ва талабаларнинг хорижга чиқиши чегараланди.