Россиянинг Москва шаҳрида интернет орқали коронавирус тарқалиши ҳақида асоссиз хабарлар тарқатганликда гумонланиб, бир неча киши қўлга олинди, деб хабар берди «Интерфакс».

Фото: «ТАСС»

Ҳозирда қўлга олинганлар терговолди ҳаракатларига жалб қилинган.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирда асоссиз хабарларни ўчириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Аввалроқ Кремлда Путинни коронавирусдан ҳимоя қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берилган эди.

Февраль ойи охирида Италиядан қайтган эркакда коронавирус топилганлиги 2 март, душанба куни, маълум бўлди. У шифокорларга мурожаат қилган, шундан сўнг у касалхонага даволаниш учун жойлаштирилган. Москва мери Сергей Собянин коронавирус аниқлангандан сўнг 85 киши карантинга олингани, 24 киши касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берган эди.

Бутун дунё бўйлаб коронавирусни юқтириб олганлар сони эса 90 370 кишига етган. Касалликка чалинганлар сони бўйича Хитойдан кейинги ўринларда Жанубий Корея (4335) кетмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунёнинг 64 давлатида коронавирус аниқланган.