Тожикистонда коронавирус эпидемияси ортида масжидлар жамоат намозларини ўқиш учун вақтинча ёпилди. Бу ҳақда Тожикистоннинг дин, халқ анъаналари, тантаналар ва урф-одатларни тартиблаштириш ишлари бўйича қўмитаси матбуот котиби Афшин Муқим маълум қилган.

Фото: Sputnik Тожикистон

Афшин Муқим Facebook’да ушбу вазиятни қуйидагича изоҳлаган:

«Масжидларга жамоат намозларини ўқиш учун ташриф буюришнинг вақтинча тўхтатилиши бўйича тавсиялар масжидлар имом-хатибларининг ташаббуси ҳисобланади ва Тожикистон Ислом маркази тавсияларига асосланган. Бу каби ташаббуслар бошқа бир қатор мамлакатларда ҳам қабул қилинди. Ҳаттоки Саудия Арабистони бошқа давлатлар фуқаролари учун Умра зиёратини амалга оширишга вақтинча тақиқ киритган. Умуман олганда, мамлакатда мутасадди идоралар томонидан карантин эълон қилингани йўқ», – дея таъкидлаб ўтган қўмита матбуот котиби.

Тожикистон ва Хитой ўртасидаги авиапарвозлар 24 январда тўхтатилган. Шунингдек, мамлакат ҳукумати коронавирус касаллигининг тарқалиш хавфи сабаб 35 та хориж давлатлар фуқароларининг ўз ҳудудига киришини тақиқланган қўшни давлат Афғонистон билан чегара назоратини кучайтирганди.