2020 йилнинг 1 март куни куни Тошкент вақти билан соат 02:40 да бир гуруҳ ўзбекистонликлар Сеулдан Тошкентга самолётда учиб келган. Шундан кейин Ўзбекистон томонидан Япония, Италия, Афғонистон ва Эрон каби қатор давлатларга авиақатновлар чеклангани маълум бўлганди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати

Кейинчалик Ташқи ишлар вазирлиги Жанубий Кореядан авиақатновлар сони ҳафтасига 1 та рейсгача қисқаргани, Ўзбекистонга келувчи йўловчилар учиб келишлари билан 14 кун давомида карантинда бўлиб туришини эълон қилди.

Тегишли вазирликлар томонидан эвакуация дея баҳоланган бу рейс юзасидан Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизмати «Kun.uz» нашрига маълумот берди:

«1 март куни Uzbekistan Airways’нинг HY513/514 рейси амалга оширилган. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг қарорига биноан Тошкент—Сеул—Тошкент йўналишига 2 та, Жанубий Корея республикасининг авиакомпаниялари Korean Air, Asiana Airlines ҳамда Uzbekistan Airways авиакомпанияси ҳафтасига ҳар бири биттадан мунтазам рейс амалга оширишига рухсат берилган. Эвакуация жараёни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг йўриқномаси асосида амалга оширилиши керак».

«Чартер қатновлари бу махсус буюртма асосида йўловчиларни ташиш мақсадида ташкил этиладиган рейслардир. Чартер қатновлари буюртмачиси – давлат ташкилотлари, туристик фирмалар ва ҳар хил турдаги тижорат ташкилотлари бўлиши мумкин. Ушбу қатновларда, буюртмачи ҳаво кемасининг барча харажатларини (аэропортдаги барча тўловлар, кейтеринг, ёқилғи, экипаж тўловлари, меҳмонхона ва бошқалар) тўлиқ қоплаб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу билан бир қаторда чартер қатновларига чипталар баҳосини буюртмачи ўз хоҳишидан келиб чиқиб ўрнатади. Чипталар буюртмачи тақдим этган рўйхат асосида ёзилади.

Бугунги кунда, март ойида Жанубий Корея республикасига чартер қатновларини ташкил этиш тўғрисида Uzbekistan Airways авиакомпаниясига буюртмалар тушмаган. Март ойи давомида рейсларга чипта олган йўловчилар чипта учун кетказилган моддий харажатларини, чипталарни қаердан харид қилиб олган бўлсалар мурожаат орқали қайтариб олишлари мумкин», – дея берилган саволларга жавоб берган Uzbekistan Airways матбуот хизмати.

Аввал Тошкентга учиб келган Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар 14 кунлик карантинга жойлаштирилиши хабар қилинган.