Uzbekistan Airways 8 март куни Сеул шаҳрига чартер рейсни амалга оширади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Telegram

Барча саволлар, шунингдек, чипта сотиб олиш масаласида Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонасига ва Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг ваколатхонасига мурожаат қилиш мумкин.

Қайд этилишича, ушбу қатнов Жанубий Корея ҳудудида коронавирус билан боғлиқ вазиятнинг кучайиши туфайли амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда барча рейсларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Ҳар бир ҳаво кемасида замонавий диагностика ва шахсий ҳимоя воситалари, зарур бўлган тиббий препаратлар ҳамда вирусология соҳасидаги соғлиқни сақлаш ходимлари ва мутахассислари мавжуд.

«Бу қатновнинг йўловчилари вақтинчалик жойлаштириш пунктига юборилади. Шу муносабат билан Тошкент шаҳар аэропортида йўловчиларни кутиб олмаслигингизни сўраймиз. Келиш вақти ҳақида қўшимча маълумот берилади», — дейилади хабарда.

Йўловчиларнинг вақтинча жойлаштириш пунктида туриши масалалари бўйича ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг бош қароргоҳига +999 (71) 276-49-66 телефон рақами орқали мурожаат қилиш мумкин.

1 март куни куни Тошкент вақти билан соат 02:40 да бир гуруҳ ўзбекистонликлар Сеулдан Тошкентга самолётда учиб келганди. Uzbekistan Airways Жанубий Кореядан фуқароларни қайтариш эвакуация бўлмаганини маълум қилган.