Хитойда 4 март ҳолатига кўра, янги турдаги COVID-19 коронавируси оқибатида 31 киши вафот этди. Мамлакат ҳудудида ушбу касаллик билан вафот этганларнинг жами сони 3 мингдан ошиб кетди. Бу ҳақда Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабар берди.

Фото: Reuters

Ўтган бир сутка давомида Хитойда коронавирус 31 кишининг умрига зомин бўлган. Шунингдек, яна 139 кишида вирус аниқланган, 2189 нафар бемор даволанишга муваффақ бўлиб, уларга шифохонадан жавоб бериб юборилган.

Шундай қилиб коронавирусдан даволанишга муваффақ бўлган беморларнинг жами сони 52 045 кишига етди. Мамлакат бўйлаб 669 мингдан ортиқ одам текширувлардан ўтказилган.

Ҳозирги вақтга келиб Хитой ҳудудида 80 409 киши касалликни ўзига юқтириб олган бўлиб, вафот этганлар сони Хитойда 3012 кишини ташкил этмоқда.

Хитой ҳукумати 2019 йил 31 декабрда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Хубэй провинциясининг Ухань шаҳрида номаълум турдаги респиратор вирус тарқалгани ҳақида огоҳлантирган. Мутахассислар ушбу инфекциянинг коронавирус таъсирида вужудга келаётганини аниқлаган. ЖССТ эпидемия сабаб коронавирус тарқалишини халқаро даражадаги фавқулодда ҳолат деб топган ва вирусга COVID-19 расмий номини берган.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавирус оқибатида Италияда вафот этганлар сони 100 нафардан ошган, Испанияда эса вирусни юқтириб олганлар сони 200 кишига етган.