Марказий банк қайта молиялаштириш ставкасини кўриб чиқиб, базавий ставкани ўзгаришсиз қолдирган ҳолда 16 фоиз деб белгилади. Ушбу қарор 5 март куни ўтказилган йиғилишда қабул қилинган. Бу ҳақда «Spot» хабар берди.

Фото: «Дарё»

«Қарорга назорат қилинадиган тарифларнинг либерализацияси ва коронавирус тарқалиши каби ташқи иқтисодий ноаниқликлар таъсир кўрсатган», — дея ушбу вазиятга изоҳ берган Марказий банк вакили.

Марказий банк изоҳига кўра, коронавирус эпидемиясининг дунёда тарқалгани ички нархларга вақтинчалик, яъни қисқа даврда таъсир кўрсатади.

Аввал Марказий банк вакиллари қайта молиялаштириш ставкаси пасайтирилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилган.

Сўнгги йилларда Марказий банк бу борада бир йил давомида тўрт марталаб йиғилиш ўтказиб келган, лекин 2020 йилда бу каби муҳокамалар саккиз марта ўтказилиши белгиланган. Бу Ўзбекистоннинг инфляцион таргетлаш йўлига ўтаётгани билан боғлиқ.

Марказий банкнинг кейининг йиғилиш муҳокамаси 23 апрелда бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Сўнгги марта қайта молиялаштириш ставкаси 2018 йилда ўзгарган, ўшанда у 14 дан 16 фоизга кўтарилганди. Энг паст ставка 2015 йил январь ва 2017 йил май ойларида ўрнатилган — 9 фоиз. Энг юқори кўрсаткич 1995 йилда белгиланган — 300 фоиз.