Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида ичида 28 киши бўлган автобус ағдарилиб кетди, деб хабар берди KazTAG.

Фото: KazTAG

Қайд этилишича, 28 кишининг 26 нафари ўзбекистонликлар, қолган икки киши эса Қозоғистон фуқаролари бўлган.

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг хабар беришича, йўл-транспорт ҳодисаси 6 мартга ўтар кечаси Экибастуз қишлоғи ёнида Қизилўрда—Павлодар автомобиль йўлининг 1160-километрида содир бўлган.

«Mercedes русумли автобус ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, Новосибирск—Тошкент йўналиши бўйлаб ҳаракатланган автобусни ағдариб юборди. Салонда 28 киши бўлган, улардан 26 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва икки ҳайдовчи — бизнинг мамлакатимиз фуқароси. Фавқулодда ҳолатлар тиббий маркази мутахассислари, полициячилар ва маҳаллий ижроия ҳокимияти вакиллари йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган жойга етиб боришди. Шифокорлар кўригидан ўтгач, йўловчиларнинг барчаси ўткинчи транспортга ўтириб кетишди, ҳайдовчилар воқеа жойида қолди», — деб хабар берди ФВБ.

Хабарда айтилишича, ЙТҲ оқибатида ҳеч ким жароҳатланмаган, қурбонлар йўқ.

Вилоят полиция департаменти матбуот хизматининг хабар беришича, автобус Новосибирскдан Чимкентга кетаётган бўлган. Ушбу ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.