Ўзбекистонга 2020 йилнинг февраль ойида Хитойдан 705 нафар сайёҳ ташриф буюрди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, бу 2019 йилнинг февраль ойидаги кўрсаткичдан 72,5 фоизга кам (таққослаш учун, 2020 йил январь ойида кўрсаткичлар яхшироқ ва умидбахш эди).

Фото: Spot

Хитойлик сайёҳлар сони коронавирус инфекцияси тарқалаётган бир вақтда камайган. Хитой фуқаролари учун 2019 йил охирида жорий этилган визасиз тартиб ҳамон амалда, бироқ икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри рейслар йўқ — февраль ойи бошида Uzbekistan Airways Хитой (Пекин ва Урумчи)га мунтазам рейсларни вақтинча тўхтатган эди.

Spot’нинг қайд этишича, Хитой Ўзбекистоннинг сайёҳлик индустриясида муҳим ўрин тутади. Масалан, 2019 йилда Ўзбекистонга 61,9 минг нафар хитойлик ташриф буюрган — бу узоқ хориж мамлакатларидан келган сайёҳлар сони бўйича иккинчи энг яхши кўрсаткич.

Ўзбекистон коронавирус эпидемияси сабаб хитойлик сайёҳларнинг бир қисмини йўқотиши, бироқ уларнинг ўрнини бошқа давлатлардан келадиган сайёҳлар ҳисобига тўлдириши мумкинлиги таъкидланган эди. Маҳаллий туристик бизнес ҳам шундан умидвор, бироқ касалликнинг жаҳон бўйлаб фаол тарқалаётгани бу режаларни амалга оширишга халал бермоқда.