Apple бош директори Тим Кук коронавирус тарқалгани туфайли ўз ходимларига 9 мартдан 13 мартгача масофадан туриб ишлашга рухсат берди, деб хабар бермоқда «РБК» Bloomberg’га таяниб.

Фото: AP Photo

Ушбу қоида компаниянинг коронавирус юқтириш ҳолатлари энг кўп қайд этилган ҳудудлари — Калифорниядаги Санта-Клара ва Элк-Гров шаҳарлари, шунингдек, Сиэтл, Жанубий Корея, Япония, Италия, Германия, Швейцария ва Буюк Британияда жойлашган офисларига нисбатан татбиқ этилади.

Коронавирус биринчи марта 2019 йилнинг декабрида Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлган эди. Шундан сўнг у Хитойнинг бошқа ҳудудлари ва дунёга тарқалди.

Январь ойи охирида Bloomberg ва Nikkei Asian Review компания учун ҳам асосий ишлаб чиқариш жойи, ҳам асосий бозор бўлган Хитойда янги коронавирус тарқалиши Apple ишлаб чиқаришига таҳдид солишини айтган. ОАВда бу карантин сабабли завод ходимлари ишга чиқа олмаслиги билан боғлаган.

Bloomberg, шунингдек, коронавируснинг тарқалиши сабабли компания аллақачон iPhone ва смартфонлар учун эҳтиёт қисмларни етказиб беришда чекловларга дуч келганини ёзганди. Таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, компанияда маҳсулот ишлаб чиқарилиши кечикиши ҳали узоқ давом этиши мумкин.

Бундан ташқари, февраль ойида Apple коронавирус туфайли фақат онлайн савдоларни қолдирган ҳолда Хитойдаги барча 42 та дўконларини ёпганди.

Коронавирус инфекцияси кириб борган мамлакатлар сони 100 дан ошди. Хитойда COVID-19 коронавируси қурбонлари сони 8 март ҳолатига кўра 3119 кишига етди.