21:09, 09.03.2020 // 114814

«Дарё» оқшоми: Хитой коронавируси бўйича 9 мартнинг асосий хабарлари

Касалланганлар ва вафот этганлар

Хитой Миллий соғлиқни сақлаш комиссияси мамлакатда COVID-19 коронавируси қурбонлари сони 8 март ҳолатига кўра, 3119 кишига етгани ҳақида ахборот берди. Ўтган бир сутка давомида Хитойда 40 та янги касалланиш ҳолати қайд этилган, 22 бемор эса вафот этган.

Хитойнинг Сужчоу шаҳрида коронавирус хавфи туфайли 14 кун карантинга олинган аёл Чен Юнпинни тиббиёт ходимлари туғилган куни билан табриклади.

Фото: Getty Images

Шу кунга қадар инфекциядан 1535 киши тузалиб, касалхонадан жавоб берилган. Хитойда эпидемия бошлаганидан буён коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 80 735 кишига етган. Жами 58,6 минг бемор тузалгани айтилмоқда. Шунингдек, юз ёшли қария коронавирусдан даволанишга муваффақ бўлгани маълум бўлди. Шу кунга қадар, отахон ушбу касалликдан даволанишга муваффақ бўлган энг кекса бемор бўлиб қолмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги турдаги коронавирус билан касалланиш ҳолатлари жаҳон бўйича 105 минг кишидан ошиб кетгани, коронавирус аллақачон 102 мамлакатда қайд қилингани ҳақида хабар берди. Сўнгги бир неча сутка давомида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари БолгарияКоста-РикаМолдоваФранцуз ГвианасиМальдив ороллариМальта, Фарер ороллари, Мартиника, шунингдек, Албанияда аниқланди.

Фото: «РИА Новости»

Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони 7,4 минг кишига яқинлашди. Коронавирус беморларининг камида 4,5 минг нафари (62,8 фоизи) Синчонжи сектасига алоқадор одамлардир.

Италия коронавирусдан ўлим ҳолатларининг фоиз кўрсаткичи бўйича жаҳонда биринчи ўриндаги мамлакатга айланди. Шунингдек, мамлакатнинг Пьемонт вилояти ҳокими коронавирус юқтириб олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Италия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғида коронавирус аниқланди. Бу ҳақда Бош штаб бошлиғи шахсан ўзи маълум қилган.

Фото: «Trend.az»

Португалия президенти Марселу Ребелу де Соуза коронавирус сабаб икки ҳафтага мўлжалланган тадбирларни бекор қилиб, кўнгилли равишда карантинга кетишга қарор қилди. Таъкидланишича, президент бироз муддат олдин COVID-19 коронавируси аниқлангани сабаб ёпилган мактабнинг бир гуруҳ ўқувчилари билан учрашган.

Ҳиндистонда уч ёшли болада коронавирус аниқланди. Боланинг оиласи Италияда бўлиб қайтганидан сўнг карантинга олинганди.

Ўзбекистондаги вазият

COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олиш мақсадида Туркманистон ва Эрон ўртасидаги чегара ёпилиши сабабли 700 га яқин ҳайдовчи, жумладан, 11 нафар Ўзбекистон фуқароси «Лутфобод» ва «Сарахс» чегара назорат-ўтказиш пунктларида қолиб кетди. Ташқи ишлар вазирлиги элчихонанинг консуллик бўлими 23 февралдан буён мазкур фуқаролар билан доимий алоқада бўлиб келаётганини маълум қилган. Чегарада қолиб кетган ўзбекистонликлар Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраб унга видеомурожаат йўллаган.

Ўзбекистонда коронавирус сабаб халқаро тадбирлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш вақтинча тўхтатилди. Шунингдек, халқаро мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоа аъзоларининг иштироки ҳамда хорижий хизмат сафарлари вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Фото: Bukhara News

Uzbekistan Airways коронавирус тарқалгани туфайли Умра сафарини амалга ошираётган 244 нафар ўзбекистонлик зиёратчини чартер рейс билан Саудия Арабистонидан олиб кетди.

Маълумот учун, Миллий авиакомпания 27 февралдан бошлаб Тошкентдан Жидда ва Мадинага бўлган барча қатновларни вақтинчалик тўхтатган эди. Бунга 25 та давлат, жумладан, Ўзбекистондан келган турист ва зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига кириши вақтинчалик ман этилгани сабаб бўлган.

Ўзбекистонда хитойлик сайёҳлар сони кескин камайди. Хитойдан 705 нафар сайёҳ ташриф буюрди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, бу 2019 йилнинг февраль ойидаги кўрсаткичдан 72,5 фоизга кам (таққослаш учун, 2020 йил январь ойида кўрсаткичлар яхшироқ ва умидбахш эди).

ЖССТнинг коронавирус бўйича экспертлари Ўзбекистондаги вазиятга баҳо берди«Ўзбекистонда ушбу инфекцияга қарши барча чоралар кўрилмоқда», — деган Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирусга тайёргарлик бўйича етакчи консультанти Уте Эндерлейн.

Жаҳондаги вазият

Хитой Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат қўмитаси коронавирус энг камида 2020 йилнинг июнь ойига қадар тарқалишда давом этишини эълон қилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, вирус тарқалишининг олдини олиш учун чегараларда санитар назоратни кучайтириш ҳамда эпидемия тарқалган хорижий мамлакатлардан кириб келаётганлар учун қатъий карантин сиёсатини белгилаш зарур.

Фото: «РБК»

Apple раҳбари коронавирус туфайли ишчиларга уйдан ишлашга рухсат берди. Ушбу қоида компаниянинг коронавирус юқтириш ҳолатлари энг кўп қайд этилган ҳудудларига нисбатан татбиқ этилади.

Хитойнинг Ухань шаҳридаги кўргазма марказлари ва стадионларда ташкил этилган 14 та вақтинчалик госпиталнинг 11 таси беморларнинг уйга жавоб берилиши муносабати билан ёпилди.

Бироқ хитойлик олимлар Ухань шифохонасида 89 нафар беморни икки гуруҳга бўлиб ўрганиб, коронавирус аломатларида ўзгариш борлигини аниқлади.

Facebook ва Instagram тиббий ниқоблар рекламасини тақиқламоқчи. Бу борада яқин кунларда тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.

Фото: Getty Images

ЖССТ коронавируснинг ёзда бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги хабарлар ёлғонлигини маълум қилди. «Вируснинг тарқалиш хусусияти сақланиб қолиши мумкинлигини тан олишимиз лозим», — деган ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича ижрочи директори Майкл Райан.

Ҳар куни кечқурун фақат битта хабар жўнатамиз. «Дарё» оқшоми — кун давомида рўй берган барча воқеа-ҳодисалар дайжести Telegram-канали: @daryooqshomi

Энг кўп ўқилган

Қидирув