Икки ой аввал дунёнинг деярли барча мамлакати коронавирусдан ҳоли бўлиб, хотиржамликда эди. Аммо қисқа вақт ичида COVID-19 эпидемияси жаҳоннинг юздан ортиқ давлатига кириб боришга улгурди. Ҳозир ЖССТ томонидан фавқулодда вазият эълон қилинди. Айни вақтда пандемия эълон қилиш керакми ёки йўқми, деган масала устида жиддий бош қотирилмоқда. Бу ҳақда 10 март, сешанба куни, АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташкиллаштирган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Фото: «Дарё»

«Коронавирусга қарши курашиш ва унинг олдини олишда аҳолига исботланган маълумотларни вақтида етказишимиз, профилактик тарғибот ишларини кучайтиришимиз зарур.

Энг муҳими, ҳар бир фуқаро ўзи масъулият сезган ҳолда нотўғри, ваҳимали маълумотларга ишонмаслиги ва шахсий эҳтиёт чораларини кўриши лозим. Халқимизда «Касални яширсанг, иситмаси ошкор бўлади», деган гап бор. Бу коронавирус ҳақидаги ўзбекнинг матали, гапи. Мазкур касалликни беркитиб бўлмайди. Ҳеч бир мамлакат буни яшира олмайди. Раҳбар ва олим сифатида айтаманки, ушбу касалликни беркитишнинг сира иложи йўқ. Энг яхшиси, касалликдан эҳтиёж чораларини кўриб, юртимизга кириб келишининг олдини олайлик.

Ҳар бир фуқаро хорижга чиқишга эҳтиёжи бўлмаса, чиқмасин, буни чеклайлик. Бу жуда катта хавф-хатар туғдиради. Сиз бораётган мамлакат касалликдан ҳоли ҳудуд бўлиши мумкин. Аммо вирусни аэропортда касаликка чалинган одамлардан яширин равишда юқтириб олишингиз ҳеч гап эмас», — деди Шодмонов.

«Дарё» мухбири Миролим Исажонов вазирга «Ўзбекистонда COVID-19’ни юқтириб олган ва вафот этган фуқаролар борлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда турли хабарлар тарқалмоқда. Вазирлик эса буни рад этяпти. Фейк хабар тарқатиб, одамларни ваҳимага солаётганларга нисбатан кескин чоралар кўриш режада мавжудми?», — деган савол билан юзланди.

Фото: «Дарё»

«Айтиш керакки, Ўзбекистон — демократик-ҳуқуқий давлат. Қонунларга асосан ишлар олиб боради. Оммавий ахборот воситалари ходимлари бу борада бизга кўмаклашсин, биргаликда шу масалани кўтариб чиқайлик.

Биласизлар, жуда кўп мамлакатлар фейк хабар тарқатган фуқароларга нисбатан қатъий чоралар кўришни бошлаган. Нафақат маъмурий, балки жиноий жавобгарлик ва энг олий жазо ҳам йўлга қўйилди.

Фейк хабарларга ишонмаслик тўғрисида ОАВда кенг бонг урайлик, халққа тушунтирайлик. Адлия вазирлиги ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда қонун чораси ишлаб чиқилса, биз ҳам буни қўллаб-қувватлаймиз», — дея жавоб қайтарди соғлиқни сақлаш вазири.