Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 10 март, сешанба куни, бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ ҳолатга муносабат билдириб, мамлакатга мазкур вирус кириб келмаганини қайд этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: «Дарё»

Вазирнинг таъкидлашича, агар касаллик мамлакат ҳудудида қайд этиладиган бўлса, унга қарши кураш учун дори воситаларининг захираси, шунингдек, профилактика бўйича имкониятлар етарли. Тарғибот ишларини кучайтириш, зарур ҳаққоний маълумотларни вақтида етказиб туриш зарур.

Энг муҳими, ҳар бир фуқаро нотўғри, ваҳимали маълумотларга ишонмаслиги, ўз эҳтиёт чораларини кўриши зарур. Бу касалликни биз беркитаётганимиз йўқ, уни беркитишнинг иложи ҳам йўқ. Зарурат бўлмаса, хорижга чиқмайлик, чеклайлик. Сиз соғлом бўлганингиз билан ёнингиздагилар ўз касалликларидан бехабар ҳолда юқтириб қўйиши мумкин.

Барча чеклов чораларини эълон қиляпмиз ва буни тўғри тушунишни сўрар эдик. Фуқароларимиз барча эҳтиёт чораларини кўрсалар, ишонаманки, биз бу жангда ғолиб чиқамиз.

Алишер Шодмонов, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида коронавирус тарқалгани, хусусан, икки беморнинг шаҳардаги 16-касалхонага ётқизилгани ҳақидаги аудиохабарлар тарқалди. Кейинроқ Соғлиқни салқаш вазирлиги мазкур хабарларни рад этди ва ушбу маълумот ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди.

Коронавирус сабабли Тошкентда 23—25 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Tashkent Law Spring II халқаро юридик форуми кейинга қолдирилди.

ЖССТ коронавируснинг дунё миқёсида тарқалишда давом этиб, пандемияга айланиши мумкинлигини маълум қилди. Тожикистонда коронавирус ҳақида миш-миш тарқатиб, халқ орасида ваҳима уйғотганлар қидирилмоқда.