Эроннинг Ахваз шаҳрида етти киши коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида саноат спиртини истеъмол қилиб, вафот этди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «РБК»

Қайд этилишича, истеъмол учун мўлжалланмаган метанол спиртини истеъмол қилиш оқибатида яна тўрт киши жабрланган. Уларнинг кўзи кўрмай қолган. Маълум қилинишича, заҳарланиш қурбонлари сони ортиши мумкин.

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус юқтирганлар сони етти минг кишидан ошган. Беморларнинг 2394 нафари тузалган, 237 киши касалликдан вафот этган.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича чора сифатида Эрон ҳукумати мамлакатдаги тахминан 70 минг нафар маҳбусни вақтинча озод қилган. Мамлакат Олий суди раиси Иброҳим Раисийнинг сўзларига кўра, озод қилинганлар жамият учун хавф туғдирмаслиги мақсадида ҳукумат зарур чоралар кўрган.

Хитой Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат қўмитаси коронавирус энг камида 2020 йилнинг июнь ойига қадар тарқалишда давом этишини эълон қилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, вирус тарқалишининг олдини олиш учун чегараларда санитар назоратни кучайтириш ҳамда эпидемия тарқалган хорижий мамлакатлардан кириб келаётганлар учун қатъий карантин сиёсатини белгилаш зарур.

ЖССТ коронавируснинг ёзда бутунлай йўқ бўлиб кетиши ҳақидаги хабарлар ёлғонлигини маълум қилди. «Вируснинг тарқалиш хусусияти сақланиб қолиши мумкинлигини тан олишимиз лозим», — деган ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар бўйича ижрочи директори Майкл Райан.