Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясининг маълум қилишича, мамлакатда сўнгги бир сутка ичида 19 киши коронавирус билан касалланган.

Фото: AP Photo

Коронавирусни юқтириб олганларнинг 17 нафари Хубэй провинциясидан, шунингдек, Пекин ва Гуандунда ҳам икки киши вирусни ўзига юқтириб олган. Сўнгги икки ҳолатда гап мамлакатга хориждан келган беморлар ҳақида кетмоқда.

Бундан ташқари, охирги бир сутка ичида 17 киши коронавирус оқибатида вафот этган. Уларнинг барчаси — Хубэй аҳолиси.

Эпидемия бошланганидан буён Хитойда 80 754 киши касалликка чалинган бўлиб, уларнинг 3136 нафари вафот этган. 59 897 нафар бемор даволанишга муаваффақ бўлган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 112 427 киши коронавирус билан касалланган. Даволанишга муваффақ бўлганлар сони эса 63 578 кишини ташкил этмоқда. Хитойдан ташқарида касаллик қурбонлари энг кўп Италия (463), Эрон (237), Жанубий Корея (51), АҚШ (24) ва Францияда (19) қайд этилган.

Хитой Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат қўмитаси коронавирус энг камида 2020 йилнинг июнь ойига қадар тарқалишда давом этишини эълон қилди. Мутахассиснинг сўзларига кўра, вирус тарқалишининг олдини олиш учун чегараларда санитар назоратни кучайтириш ҳамда эпидемия тарқалган хорижий мамлакатлардан кириб келаётганлар учун қатъий карантин сиёсатини белгилаш зарур.