Ўзбекистонда 2020 йил 15 январдан ҳозирги кунга қадар коронавирус бўйича тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5000 нафарга яқини кузатувдан чиқарилган, 1542 нафар фуқарода тиббий кузатув давом эттирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов маълум қилди.

Фото: «Дарё»

Вазирнинг айтишича, коронавирус қайд этилган Хитой ва бошқа давлатлардан келган фуқароларнинг эпидемик ва клиник кўрсатмага асосан 1760 нафаридан лаборатория таҳлили учун олинган биологик намуналарда коронавирус аниқланмади.

Қайд этилишича, давлат чегараларидаги мавжуд 53 та санитария-карантин пунктига қўшимча шифокорлар, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, уларнинг фаолияти самарадорлиги кучайтирилди. Ушбу пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббий муассасалари томонидан улар устидан 14 кунлик тиббий кузатув йўлга қўйилган.

Алишер Шодмонов Ўзбекистонга коронавирус кириб келмаганини таъкидлаган ҳамда у кириб келган тақдирда, уни яшириш имконсиз эканлигини айтган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида коронавирус тарқалгани, хусусан, икки беморнинг шаҳардаги 16-касалхонага ётқизилгани ҳақидаги аудиохабарлар тарқалди. Кейинроқ Соғлиқни салқаш вазирлиги мазкур хабарларни рад этди ва ушбу маълумот ҳақиқатга зид эканлигини маълум қилди.

Коронавирус сабабли Тошкентда 23—25 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Tashkent Law Spring II халқаро юридик форуми кейинга қолдирилди.

Коронавирус сабабли Эрон—Туркманистон чегарасида қолиб кетган 11 ўзбекистонлик Шавкат Мирзиёевдан ёрдам сўраган.

Эслатиб ўтамиз, ЖССТ коронавируснинг дунё миқёсида тарқалишда давом этиб, пандемияга айланиши мумкинлигини маълум қилди.