Тожикистон Ички ишлар вазирлиги коронавирус ҳақида асоссиз миш-мишларни тарқатганларни топиш ва уларни жавобгарликка тортишга ваъда берди, деб хабар қилади Asia-Plus.

Фото: Asia-Plus

Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Жамшид Абдуллаев ички ишлар вазирига мурожаат йўллаган.

«ИИВ вазири Рамазон Раҳимзодадан одамлар томонидан оммавий равишда озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилинаётгани сабаб жонажон ватанимизда коронавирус тарқалгани ҳақида миш-мишлар билан одамлар орасида ваҳима келтириб чиқараётган ун ва ўсимлик ёғи етказиб берувчи бир гуруҳ тижоратчиларга қарши чора кўришингизни сўрайман», — деб ёзади тармоқ фойдаланувчиси.

Ушбу мурожаатга жавобан ИИВ ростдан ҳам коронавирус ҳақидаги миш-мишлар асоссиз эканлигини ва унга алоқадор барча шахслар қўлга олинишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, 4—5 март кунлари Тожикистоннинг барча ҳудудларида, хусусан, Душанбе шаҳрида ҳам коронавирус ҳақидаги гап-сўзлардан сўнг одамлар оммавий равишда ун, ёғ, шакар, ёрма ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга тушиб кетган.

Таъкидланишича, шу кунлари уннинг нархи 15—20 фоизга ошиб кетган. 6 март кунига келиб эса ваҳима босилган ва вазият барқарорлашган.

Аввалроқ Тожикистон коронавирус сабаб 35 та давлат фуқароларининг мамлакатга киришини тақиқлаган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 112 427 киши коронавирус билан касалланган. Даволанишга муваффақ бўлганлар сони эса 63 578 кишини ташкил этмоқда