Тошкентда 23—25 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Tashkent Law Spring II халқаро юридик форуми коронавирус сабабли кейинга қолдирилди.

Фото: «Дарё»

Форум ташкилий қўмитасининг маълум қилишича, бундай қарор форум қатнашчилари, шу жумладан, хорижий меҳмонлар ва Ўзбекистон фуқаролари орасида коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш мақсадида қабул қилинди.

Форумда Ўзбекистон ва бир қатор хорижий мамлакатлар адлия вазирлари, суд, прокуратура ва бошқа давлат органлари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар, дунёнинг етакчи юридик ва консалтинг фирмалари вакиллари, адвокатлар, юриспруденция соҳасидаги таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертлар қатнашиши кутилаётган эди.

Ҳозиргача АҚШ, Буюк Британия, Франция, Австрия, Япония, Сингапур, Малайзия, Хитой, Россия ва дунёнинг бошқа давлатларидан 50 дан ортиқ мутахассис форумда маърузачи сифатида иштирок этиши тасдиқланганди.

Спикерлар сифатида Вена халқаро арбитраж маркази бош котиби Элис Фремут-Вольф, Америка—Ўзбекистон савдо палатаси раиси, White&Case халқаро юридик фирмаси ҳамкори Керолин Лемм, БМТТД Коррупцияга қарши курашиш глобал дастури маслаҳатчиси Анги Тимилсин ва бошқа халқаро экспертлар иштирок этиши режалаштирилганди.

Қайд этилишича, ташкилий қўмита илгари рўйхатдан ўтган шахсларни форум қолдирилгани ҳақида хабардор қилади, форумнинг ўтказиладиган аниқ саналарини қўшимча равишда кейинроқ эълон қилади.

Шунингдек, форумнинг кейинга қолдирилиши илгари эълон қилинган «Энг яхши юридик хизмат», «Энг яхши адвокатлик тузилмаси» республика танловлари ўтказилишига таъсир қилмайди.