Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида коронавирус тарқалгани, хусусан икки беморнинг шаҳардаги 16-касалхонага ётқизилгани ҳақидаги аудио хабарлар тарқалди.

Фото: «Дарё»

«Ўртоқлар, бизга, 16-касалхонага иккита коронавирус келди, эҳтиётларингни қилинглар, Тошкентда жуда кўпайиб кетган коронавирус, лекин буни яширишяпти. Икки қават ниқоб тақинглар, кўзларингга кўзойнак тақинглар, чунки коронавирус кўзнинг шиллиқ қаватидан юқади», — дейилади аудио хабарда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг «Дарё»га маълум қилишича, ушбу маълумот ҳақиқатга зид.

Қайд этилишича, бугунга қадар Ўзбекистонда коронавирусни юқтириш ҳолати умуман аниқланмаган. Бундан ташқари, нафақат коронавирус, балки бошқа юқумли касалликларга гумон қилинган беморлар ҳам Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилмайди. Улар юқумли касалликлар шифохоналарига жойлаштирилади.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда коронавирусга қарши барча эҳтиёт чоралари кўрилаётгани ҳамда назорат ҳар қачонгидан ҳам кучайтирилганини маълум қилган эди. Шу билан бирга вазирлик ҳар куни бир-икки марта аҳолига коронавирусдан ҳимояланиш чора-тадбирлари ҳақидаги SMS-хабарлар юбормоқда.