21:19, 11.03.2020 // 99681

«Дарё» оқшоми: Хитой коронавируси бўйича 11 мартнинг асосий хабарлари

Касалланганлар ва вафот этганлар

Хитойда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 3158 кишига етди, касалликни юқтириб олганлар сони эса қарийб 81 мингга яқинлашиб қолган.

«Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссия 31 та провинцияда 80 778 кишида коронавирус аниқлангани тўғрисида маълумот берди. Ҳозирги вақтда уларнинг 16 145 нафари касал (4492 нафарининг аҳволи оғир), 61 475 киши даволанишга муваффақ бўлган, 3158 киши эса вафот этган», — дейилади Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабарида.

Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 117 минг кишидан ошиб кетган. Даволанишга муваффақ бўлганлар 63 578 кишини ташкил этмоқда.

Хитойда сўнгги бир сутка давомида қайд этилган COVID-19 коронавируси инфекциясининг 24 ҳолатидан 10 таси бошқа давлатдан юқтирилган, Хитойнинг 25 та ҳудудида бирорта ҳам коронавирусга чалинишнинг янги ҳолати аниқланмаган.

Фото: «Vesti.ru»

Буюк Британия ҳукуматидаги бемор хавфсизлиги, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш ва руҳий саломатлик бўйича вазир ўринбосари Надин Доррис янги турдаги COVID-19 коронавирусини юқтириб олгани маълум бўлди. Доррис ўтган ҳафта Буюк Британия бош вазири Борис Жонсоннинг қабулида бўлган. Шунингдек, у парламент ва вазирликдаги юзлаб одамлар билан учрашган.

Фото: Reuters

Жанубий Кореяда сўнгги бир сутка ичида COVID-19 коронавируси инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ янги ҳолат ўтган кунга нисбатан икки баравар кўпайиб, мамлакатда касалликка чалинганларнинг умумий сони 7382 кишига, қурбонлар сони эса 60 кишига етди. Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Касалликлар назорати ва профилактикаси марказлари ташкилоти 41 нафар бемор соғайиб, уйига жавоб берилган (соғайганлар жами 288 кишига етган), яна 18 540 кишининг таҳлиллари ҳали ўрганилаётгани ҳақида маълум қилди.

Италияда коронавирус билан касалланганлар сони 10 минг кишидан ошди. Вафот этганлар эса 631 кишига етди.

Туркияда янги турдаги COVID-19 коронавируси билан касалланиш бўйича дастлабки ҳолат аниқланди.

Шунингдек, Грузияда илк бор ўсмир йигитда коронавирус аниқланди. Мамлакатда ҳозирги вақтга келиб 23 кишида коронавирус аниқланган. «Ўн икки ёшли болакай изоляцияда бўлган гуруҳ аъзолари билан шифохонага олиб келинди ва уларда вирус борлиги тасдиқланди», — дейилади Тенгиз Церцвадзе номидаги юқумли касалликлар шифохонаси бошлиғи хабарида.

Ўзбекистондаги вазият

Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига топшириқлар берди.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши Ўзбекистон аҳолисини ҳам маълум маънода хавотирга солмоқда. Дунёда жамоат саломатлиги тизимини, гўёки, синовдан ўтказаётган ушбу хасталикнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш, аввало, мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шу муносабат билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бу борада кўрилаётган карантин ва профилактика чоралари бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги Ўзбекистонда 1900 дан ортиқ киши коронавирус бўйича тиббий кузатувда тургани ҳамда мамлакатда шу кунгача коронавирус қайд этилмаганини маълум қилди.

Фото: The Hill

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер коронавирус туфайли Ўзбекистон, Ҳиндистон ва Покистонга ташрифларини бекор қилди. Пентагон вакили Алисса Фара ўзининг Twitter’даги саҳифаси орқали: «Эҳтиёт чораси сифатида мудофаа вазири Эспер Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Покистонга сафарларини кейинга қолдиришга, АҚШда қолишга ва Мудофаа вазирлигига коронавирусга қарши курашда ёрдам беришга қарор қилди», — деб маълум қилди.

Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 12—16 март кунлари ўтказилиши режалаштирилган «Зиёрат туризми ҳафталиги» дунё боֲ‘йлаб коронавирус тарқалиши сабабли кейинга қолдирилдиҚўмита томонидан таъкидланишича, «Зиёрат туризми ҳафталиги» ўтказиладиган сана аниқ бўлиши билан бу ҳақда қўшимча маълумот берилади.

Тошкент шаҳридаги «Тошшаҳартрансхизмат» тасарруфидаги автобусларда ва автошоҳбекатларда юқумли касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида дезинфекция ишлари амалга оширилди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Таиланд коронавирус сабабли Ўзбекистон фуқаролари учун виза беришни тўхтатдиТаиланд ҳукумати Ўзбекистондан ташқари яна 17 мамлакат фуқаролари учун ҳам кириш визаларини беришни чеклаган.

Жаҳондаги вазият

UNESCO томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда коронавирус туфайли кузатилаётган инқироз бутун дунёда 363 миллион ўқувчи ва талабани қамраб олган. Бунда 57,8 миллион нафар талаба, қолгани эса мактаб ёшигача бўлган ҳамда мактаб ўқувчилари таълим олишдан узилиб қолган. Шу тарзда коронавирус сабабли жаҳонда ҳар бешинчи ўқувчи мактабга, ҳар тўртинчи талаба олий ўқув юртига бора олмаяпти.

Фото: «Взгляд»

Озарбайжон ҳукумати мамлакатда Наврўз байрами тадбирларини ўтказишни бекор қилди. Озарбайжон коронавирусга қарши курашиш бўйича оператив штаби Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан маслаҳатлашувлардан сўнг барча оммавий тадбирларни бошқа вақтга кўчиришга қарор қилди.

Фото: «РИА Новости»

Қатар Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус хавфи сабабли барча ресторан ва қаҳвахоналарда чилим чекишни вақтинча тақиқлади. Шифокорларнинг фикрича, чилим чекиш учун бир марталик пластик найча ишлатилса ҳам, улар коронавирус тарқалишининг манбаси бўлиши мумкин. Қатарда коронавирус юқтириш билан боғлиқ 18 та ҳолат аниқланган.

Футбол бўйича Испания ва Франция чемпионати коронавирус сабаб мухлисларсиз ўтказилади: Франция чемпионати баҳслари 15 апрелга қадар бўш стадионларда ўтади, Испанияда эса Примера ва Сегунданинг кейинги икки тури томошабинларсиз ўтади.

Шунингдек, коронавирус сабаб «Манчестер Сити»—«Арсенал» учрашуви қолдирилди. Бунга коронавирусга чалинган «Олимпиакос» хўжайинининг «Арсенал» вакиллари билан алоқада бўлгани сабаб қилиб кўрсатилган.

Фото: «РИА Новости»

Британиялик олимлар ўз хоҳиши билан коронавирусни юқтириб олмоқчи бўлган кўнгиллиларга 3,5 минг фунт стерлинг мукофот пули ваъда қилмоқда. Лондонда жойлашган The Queen Mary BioEnterprises инновация маркази ўз тадқиқоти учун 24 нафар одам изламоқда. Ушбу одамларга 4 минг нафар одамнинг ёстиғини қуритган коронавируснинг энг кучсиз бирликлари орқали касаллик юқтирилади.

Bloomberg талқинига кўраAlibaba асосчиси Жек Ма Осиёнинг энг бой одами деб топилди. Жек Ма ушбу мақомни қўлга киритишига жаҳон бозорида нефть нархининг «қулаши» ва ҳиндистонлик миллиардер Мукеш Амбанининг 5,8 миллиард доллар йўқотгани сабаб бўлган.

Европа банклари 34 миллиард доллар соф фойдадан маҳрум бўлиши мумкин. Бунга жаҳоннинг 110 дан ортиқ мамлакатида коронавирус инфекцияси тарқалиши сабаб бўлмоқда.

Нью-Йоркда ўтказилиши керак бўлган халқаро автошоу коронавирус сабаб август ойига қолдирилди. 10—19 апрель кунлари бўлиши керак бўлган шоуни беш ойдан кейин ўтказиш режалаштирилмоқда.

Google коронавирус туфайли ўз ходимларига уйдан ишлашни тавсия қилди. Компаниянинг Шимолий Америкадаги офисларида камида 100 минг киши меҳнат қилади.

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида 13 март, жума куни, «Коронавирус фонида бизнес юритиш» (Doing Business Under Coronavirus) конференцияси ўтказилиши керак эди. Тадбир коронавирус туфайли қолдирилди.

Ҳар куни кечқурун фақат битта хабар жўнатамиз. «Дарё» оқшоми — кун давомида рўй берган барча воқеа-ҳодисалар дайжести Telegram-канали: @daryooqshomi

Энг кўп ўқилган

Қидирув