Google компанияси Шимолий Америкадаги ходимларига коронавирус юқтириш эҳтимолини камайтириш учун уйдан ишлашни тавсия қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: AP Photo

«Шимолий Америкадаги барча офисларимиз ходимларига ҳозирда уйдан ишлашни тавсия қилдик. Бизнинг мақсадимиз офисларда ходимлар сонини қисқартириш, бу эса экспертлар фикрича, COVID-19 коронавируси тарқалишининг олдини олади», — дейди Google вакили.

Компаниянинг Шимолий Америкадаги офисларида камида 100 минг киши меҳнат қилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 112 427 киши коронавирус билан касалланган. Даволанишга муваффақ бўлганлар сони эса 63 578 кишини ташкил этмоқда. Хитойдан ташқарида касаллик қурбонлари энг кўп Италия (463), Эрон (237), Жанубий Корея (51), АҚШ (24) ва Францияда (19) қайд этилган.

Аввалроқ Хитойда коронавирусга чалинишнинг 24 та янги ҳолатидан 10 таси четдан юқтирилгани аниқланган эди.

Хитой Соғлиқни сақлаш ишлари бўйича давлат комиссияси мутахассисларининг сўзларига кўра, вирус тарқалишининг олдини олиш учун чегараларда санитар назоратни кучайтириш ҳамда эпидемия тарқалган хорижий мамлакатлардан кириб келаётганлар учун қатъий карантин сиёсатини белгилаш зарур.