Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирус билан боғлиқ ҳолат пандемия сифатида тавсифланиши мумкин. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «РБК»

ЖССТ раҳбарининг қайд этишича, сўнгги икки ҳафта давомида Хитойдан ташқарида коронавирус билан зарарланиш ҳолатлари сони 13 мартага ошди, касаллик қайд этилган мамлакатлар сони эса уч баравар кўпайди. Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, айни пайтда дунёда коронавирус юқтирганлар сони 118 минг кишидан ортиб кетган.

Маълумот учун, пандемия эпидемик касалликнинг бир ёки бир неча мамлакат, қитъа ёки континентда ёппасига тарқалиши ҳисобланади. Пандемик тарқалиш ҳаво-томчи йўли билан юқиб, инкубацион даври қисқа юқумли касалликларга хос.

Аввалроқ ЖССТ коронавируснинг дунё миқёсида тарқалишда давом этиб, пандемияга айланиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Хитойда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 3158 кишига етди, касалликни юқтириб олганлар сони эса қарийб 81 мингга яқинлашиб қолган.

«Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссия 31 та провинцияда 80 778 кишида коронавирус аниқлангани тўғрисида маълумот берди. Ҳозирги вақтда уларнинг 16 145 нафари касал (4492 нафарининг аҳволи оғир), 61 475 киши даволанишга муваффақ бўлган, 3158 киши эса вафот этган», — дейилади Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабарида.

Дунё бўйича касалликдан даволанишга муваффақ бўлганлар 65 минг кишидан ошган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши кураш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалган 14 давлатдан келган фуқароларни карантинга олиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 1900 дан ортиқ киши коронавирус бўйича тиббий кузатувда турибди. Мамлакатда шу кунгача коронавирус қайд этилмади.

Аввалроқ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мамлакатда коронавирус бўйича ўтказилган 1760 та лаборатория таҳлилининг бирортасида ҳам вирус аниқланмаганини маълум қилган эди. Шунингдек, вазир Ўзбекистонга коронавирус кириб келмаганини таъкидлаган ҳамда у кириб келган тақдирда, уни яшириш имконсиз эканлигини айтган.