Россиянинг Яҳудий автоном вилоятида баҳорги дала ишларига жалб қилиниши режалаштирилган хитойлик ишчилар ўрнини коронавирус сабабли ўзбекистонлик ишчилар эгаллайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг матбуот котиби Моҳира Нуруллаева маълум қилди.

Фото: Telegram/Mohira Nurullayeva

Қайд этилишича, Яҳудий автоном вилояти расмийлари коронавирус сабабли баҳорги дала ишларига кела олмайдиган 1,3 минг нафар хитойлик ишчи ўрнига ўзбекистонлик ишчиларни жалб қилишни режалаштирмоқда.

Инфекциянинг олдини олиш учун Россия 2020 йилнинг январь ойи охирида Узоқ Шарқдаги Амур вилоятида, Яҳудий автоном вилоятида, Хабаровскда, Приморский ва Трансбайкал ҳудудларида Хитой билан чегарани ёпган.

Сўнгги маълумотларга кўра, коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиши пандемия даражасига етди. Вирус билан зарарланганлар сони 118 минг кишидан ошиб кетди. Аввалроқ ЖССТ коронавируснинг дунё миқёсида тарқалишда давом этиб, пандемияга айланиши мумкинлигини маълум қилган эди.

Хитойда коронавирус оқибатида вафот этганлар сони 3158 кишига етди, касалликни юқтириб олганлар сони эса қарийб 81 мингга яқинлашиб қолган. Хитойнинг коронавирус тарқалиш марказида карантин қисман енгиллаштирилди.

«Соғлиқни сақлаш бўйича миллий комиссия 31 та провинцияда 80 778 кишида коронавирус аниқлангани тўғрисида маълумот берди. Ҳозирги вақтда уларнинг 16 145 нафари касал (4492 нафарининг аҳволи оғир), 61 475 киши даволанишга муваффақ бўлган, 3158 киши эса вафот этган», — дейилади Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси хабарида.

Дунё бўйича касалликдан даволанишга муваффақ бўлганлар 65 минг кишидан ошган.