UNESCO томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда коронавирус туфайли кузатилаётган инқироз бутун дунёда 363 миллион ўқувчи ва талабани қамраб олди. Бу ҳақда UNN хабар берди.

Фото: Reuters

Бунда 57,8 миллион нафар талаба, қолгани эса мактаб ёшигача бўлган ҳамда мактаб ўқувчилари таълим олишдан узилиб қолган.

Шу тарзда COVID-19 коронавируси туфайли жаҳонда ҳар бешинчи ўқувчи мактабга, ҳар тўртинчи талаба олий ўқув юртига бора олмаяпти.

15 та мамлакат ҳукумати барча мактабларни, 14 та мамлакат ҳукумати эса бир нечта мактабларни ёпишга қарор қилган.

Мактаблар ёпилиши Осиё, Европа, Яқин Шарқ ва Шимолий Америкада қайд этилган.

«Биз таълим олишдан узилиб қолган ҳудудларга кириб, мамлакатлар билан таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш учун юқори технологияли, паст технологик ва технологик бўлмаган ечимларни топиш бўйича иш олиб борамиз», — дейди UNESCO бош директори Одре Азуле.

Ушбу ҳолатга жавобан долзарб чора-тадбирларни мувофиқлаштириш мақсадида UNESCO фавқулодда гуруҳ тузилишини эълон қилди.

UNESCO-COVID-19 деб номланган ушбу гуруҳ миллий даражадаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлайди ҳамда чекка мамлакатларга алоҳида эътибор қаратади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 113 минг кишидан ошиб кетган. Даволанишга муваффақ бўлганлар 63 578 кишини ташкил этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов эса Ўзбекистонга коронавирус кириб келмаганини маълум қилди.

Аввалроқ Туркияда коронавирус билан касалланиш бўйича дастлабки ҳолат қайд этилгани, Озарбайжонда эса коронавирус туфайли Наврўз байрами тадбирлари бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.