Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан маълум қилинишича, 2020 йил 15 январдан 11 мартгача бўлган даврда Хитой ва эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан Ўзбекистонга жами 7056 киши келган. Уларнинг 1911 нафари саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.

Фото: «Дарё»

Қайд этилишича, 11 март, чоршанба куни, соат 16:00 гача Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар орқали 20 та рейсда 2203 киши мамлакатга кириб келди. Темир йўллар орқали 3 та поездда 460 киши, қолган чегара-божхона постларидан 876 та автотранспорт эгалари ва 17 403 нафар йўловчи республика ҳудудига келган.

Таъкидланишича, уларнинг барчаси термометриядан ўтказилган. Мазкур фуқаролар орасида охирги 15 кун ичида коронавирус тарқалган давлатларда бўлган 55 киши бўлган. Улар орасида иситма ва юқори нафас йўлларининг шамоллаш белгилари бўлган кишилар аниқланмади.

Агентликнинг қайд этишича, Ўзбекистонда 2020 йил 11 март ҳолатига кўра, COVID-19 коронавирус инфекцияси қайд этилмади.

Мамлакат аҳолиси ўртасида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик барқарорликни таъминлашга йўналтирилган барча профилактик ва эпидемияга қарши тадбирлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан халқаро тиббий санитария қоидалар талаблари асосида амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Агентлик коронавирус ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча саволлар бўйича +99871 276 49 66 телефон рақамига мурожаат қилиш мумкинлигини эслатиб ўтди.

Агентлик маълумотларига кўра, 2020 йил 11 март ҳолати бўйича дунёнинг 114 та давлатида жами 119 096 кишида коронавирус аниқланган, улардан 65 765 нафари соғайган, 4284 нафари вафот этган. Касалликнинг бир суткада ўсиши Хитойда 31 нафарни, бошқа давлатларда 4805 нафарни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мамлакатда коронавирус бўйича ўтказилган 1760 та лаборатория таҳлилининг бирортасида ҳам вирус аниқланмаганини маълум қилган эди. Шунингдек, вазир Ўзбекистонга коронавирус кириб келмаганини таъкидлаган ҳамда у кириб келган тақдирда, уни яшириш имконсиз эканлигини айтган.

Шу билан бирга, Пентагон раҳбари коронавирус туфайли Ўзбекистонга ташрифини бекор қилди. Ўзбекистонда хитойлик сайёҳлар сони кескин камайди.