Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 март, чоршанба куни, мамлакатда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йиғилишда давлат раҳбари коронавирусга қарши кураш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бир қатор топшириқлар берди.

Ҳозирда жаҳон бўйлаб коронавирус инфекциясининг (COVID-19) тарқалиши Ўзбекистон аҳолисини ҳам маълум маънода хавотирга солмоқда. Дунёда жамоат саломатлиги тизимини, гўёки, синовдан ўтказаётган ушбу хасталикнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигини таъминлаш, аввало, мамлакатда соғлиқни сақлаш тизими, профилактика ишларини янада юқори даражага кўтаришни тақозо этади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шу муносабат билан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига бу борада кўрилаётган карантин ва профилактика чоралари бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Бунда, энг аввало, халқаро тажриба асосида Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш марказини бириктириб, агентлик салоҳиятини ушбу вазифаларни самарали ташкил этишга қаратиш кераклиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Агентликнинг вилоятлар ҳамда туман ва шаҳарларда алоҳида марказлари ташкил этилади. Қишлоқ поликлиникаларида бу ишларни самарали йўлга қўйиш учун учтагача мутахассис ажратилади. Улар қишлоқ аҳолисини тўғри овқатланиш, гигиенага риоя қилиш, онкологик, юрак қон-томир касалликларига мойил бўлганларни барвақт аниқлаш билан шуғулланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус тарқалган 14 давлатдан келган фуқароларни карантинга олиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Айни пайтда Ўзбекистонда 1900 дан ортиқ киши коронавирус бўйича тиббий кузатувда турибди. Мамлакатда шу кунгача коронавирус қайд этилмади.

Аввалроқ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов мамлакатда коронавирус бўйича ўтказилган 1760 та лаборатория таҳлилининг бирортасида ҳам вирус аниқланмаганини маълум қилган эди. Шунингдек, вазир Ўзбекистонга коронавирус кириб келмаганини таъкидлаган ҳамда у кириб келган тақдирда, уни яшириш имконсиз эканлигини айтган.